Ўзбекистон | 14:00 / 25.08.2025
5657
3 дақиқада ўқилади
Реклама

Тошкент Кимё университети Самарқанд филиали битирувчилари халқаро майдонда

Ўзбекистонда нодавлат олий таълим тизими пайдо бўлганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Бироқ бугунги кунда кўплаб ёшлар айнан шундай олийгоҳларда таҳсил олишни афзал кўрмоқда. Илк бор Ёджу техника институти сифатида фаолият бошлаган мазкур таълим даргоҳи бугун халқаро нуфузга эга Тошкент Кимё халқаро университетига айланди.

Самарқанд филиалида битирувчиларга диплом топшириш маросими тантанали тарзда ўтказилди. Университет ректори, профессор Каримжон Аҳмеджанов тадбирни очиб берди. Устозлар ва меҳмонлар битирувчиларни самимий табрикладилар.

Филиал директори, профессор Низомжон Эшонқуловнинг маълум қилишича, жорий йилда 1563 нафар бакалавр ва 40 нафар магистр университетни битирди. Бу йилги битирувчиларнинг 82 фоизи аллақачон иш билан таъминланган, қолганларига эса университет томонидан амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Айни пайтда университет ва филиалларда 38 та бакалавр ва 22 та магистратура йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Давлат олийгоҳлари билан соғлом рақобат қилиш учун қатор янгиликлар жорий этилган – стипендиялар, таъсисчи грантлари ва фаол талабалар учун рағбатлантириш тизими йўлга қўйилган.

Самарқанд филиали учун Ширин массивида замонавий кампус қурилиши бошланган бўлиб, у яқин йилларда талабалар ихтиёрига топширилади.

Университетнинг халқаро ҳамкорликлари ҳам кенгаймоқда. Бугунгача 50 дан ортиқ нуфузли университет билан шартномалар имзоланган. Профессор-ўқитувчилар АҚШ, Жанубий Корея, Латвия, Болгария каби мамлакатларда малака оширмоқда. Талабалар эса 2+2, 3+1 дастурлари асосида Корея, Латвия, Болгария, Австралия ва Янги Зеландияда таҳсил олиш имкониятига эга.

Маросимда шу йил университетга ҳужжат топширган 25 нафар абитуриентга турли миқдордаги ваучерлар тақдим этилди. Шунингдек, “SANKEI HOLDINGS” компанияси раҳбари, Самарқанддаги “Hanun” шифохонаси асосчиси Во Жик Ҳо аъло баҳоларга ўқиган бир талабани пул мукофоти билан тақдирлади.

Битирувчилар орасида 92 нафар талаба имтиёзли дипломга сазовор бўлди.

Иқтидорли битирувчилардан бири – бешта тилни мукаммал билган Жамшид Рустамов ўз илмий фаолиятини университетда давом эттириш ниятида. Филиалда Жамшид каби кўплаб иқтидорли ёшларни учратишингиз мумкин.

Айтиш жоиз, Тошкент Кимё халқаро университети Самарқанд филиалида ҳозир ҳам қабул жараёнлари давом этмоқда. Замонавий таълим ва халқаро имкониятлардан баҳраманд бўлишни истаган ёшлар учун бу – тўғри танлов!

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin