Аёллар дунёси | 11:31 / 25.08.2025
2381
3 дақиқада ўқилади

Уй бекаси эмас, ривожланаётган шахс: аёллар учун тил билишнинг фойдалари

Ҳар бир аёлнинг ҳаёти кўпинча бир нечта роллардан иборат: меҳрибон она, фидойи рафиқа, уй бекаси ва баъзан ўз орзулари ортидан қувадиган инсон. Шу кўплаб вазифалар орасида ўзини унутиб қўйиш мумкин. Бир вақтнинг ўзида фарзанд тарбияси, уй юмушлари ва оилавий масъулиятларини зиммасига олган аёл учун тил ўрганиш ортиқча вазифадек туюлиши мумкин. Лекин бугунги глобал дунёда тил фақат суҳбат воситаси эмас – у бола тарбиясидан тортиб шахсий ривожланиш, ҳатто молиявий мустақилликкача олиб борадиган йўлдир.

Фото: Freepik

Онанинг тил билиши бола тарбиясида катта аҳамиятга эга, чунки оналар фарзандининг тафаккурини шакллантиришда биринчи ўқитувчи ҳисобланади. Бирор хорижий тилни билган она боласи учун мультфилмларни тўғри танлай олиши, интернетдаги ўйин ва таълим дастурларини ҳам назорат қилиб бориши мумкин.

Илмий тадқиқотларга кўра, бола икки ёки уч тилда эшитган ахборотни эрта ёшдан қабул қилса, унинг нейрон тизими тезроқ шаклланади, хотираси мустаҳкам бўлади. Шунингдек, кўп тилли муҳитда улғайган болаларда ижодкорлик, мослашувчанлик ва муаммони ечиш кўникмалари кучлироқ бўлиши аниқланган,

Демак, она чет тилини ўрганиш орқали нафақат ўзини, балки фарзандининг келажагини ҳам бойитади. Чунки тил бу фақат сўз эмас, балки дунёқарашни кенгайтирадиган, боланинг ҳаётини янги имкониятларга олиб чиқадиган воситадир.

Бундан ташқари, тил билиш кундалик ишларда қулайлик яратади. Бугунги интернет даврида ахборотнинг катта қисми инглиз тилида тарқалмоқда. Рецептлар, саломатлик бўйича маслаҳатлар ёки уй безаш ғоялари – барчаси чет тилларида кенг тарқалган. Уйда ўтирадиган аёл тилни билиши орқали керакли маълумотни тезда топиши ва ундан турмушда фойдаланиши мумкин.

Масалан, замонавий парҳез дастурлари, соғлом овқатланиш режимлари ёки болалар учун ривожлантирувчи ўйинларнинг аксарияти инглиз ёки корейс манбаларидан топилади. Бундан ташқари, машҳур психологларнинг тарбия бўйича тавсиялари, уй хўжалигини енгиллаштирувчи “lifehack”лар ҳам асосан инглиз тилида чоп этилади.

Уйда бўлса-да, аёллар онлайн иш топиши ёки қўшимча даромад манбайига эга бўлиши мумкин. Масалан, тил билиш орқали таржимонлик қилиш, онлайн дарс бериш, халқаро онлайн дўконларда савдо қилиш имконияти пайдо бўлади. Бу нафақат оила бюджетига ёрдам, балки аёлнинг иқтисодий мустақиллигига ҳам йўл очади.

Сўнгги йилларда фриланс бозорида энг кўп талаб қилинадиган мутахассисликлардан бири – чет тилларини биладиган ходимлардир. Инглиз, турк ёки корейс тилини билган аёл онлайн платформаларда мақола таржима қилиш, матн таҳрирлаш ёки ҳатто халқаро мижозлар билан ишлаш имконига эга бўлади. Шунингдек, кўплаб аёллар онлайн курслар ва консалтинг хизматлари орқали ўз билимини сотиб, барқарор даромад манбайига эга бўлишмоқда.

Тил ўрганиш нафақат билим олиш, балки аёлнинг ўзига бўлган муносабатини ҳам тубдан ўзгартиради. Психологик тадқиқотларга кўра, янги билим эгаллаш ва маҳоратни ошириш инсонда “ўзини қадрлаш ҳисси”ни кучайтиради.Тил ўрганаётган аёлларнинг ўзига ишончи ва ижтимоий фаоллиги ошади.

Уйда ўтирган аёл учун бу айниқса муҳим, чунки у “фақат уй юмушлари билан шуғулланаётганим йўқ, мен ҳам ўз устимда ишлаяпман” деган фикрга эга бўлади. Бу эса руҳий саломатликни яхшилайди, кайфиятни кўтаради ва ҳатто стрессни камайтиради.

Мавзуга оид