Жаҳон | 08:22 / 26.08.2025
2884
1 дақиқада ўқилади

Норвегия Украина ҳаво мудофааси учун 600 млн еврога яқин маблағ ажратди

Осло ҳукуматига кўра, Германия билан Украина учун иккита Patriot тизимини, жумладан, улар учун ракеталарни сотиб олиш бўйича илгари эълон қилинган қўшма режа доирасида Норвегия етти миллиард крона ажратган.

Фото: Nato

Ослодаги ҳукумат сайтида эълон қилинган пресс-релизга кўра, Норвегия Украина ҳаво мудофаасини кучайтириш учун қарийб етти миллиард крона (тахминан 590 миллион евро) ажратади. Қайд этилишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Украинага Германиядан етказилади.

«Норвегия ва Германия иккита Patriot тизимини, жумладан, ракеталарни молиялаштирмоқда. Бундан ташқари, Норвегия Hensoldt немис ишлаб чиқарувчисидан ҳаво ҳужумидан мудофаа радарлари ва Kongsberg (Норвегия компанияси)дан ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини харид қилишда иштирок этмоқда», — дейилади Норвегия ҳукумати баёнотида.

Мамлакат мудофаа вазири Торе Сандвик таъкидлаганидек, Германия билан тузилган келишувларга мувофиқ, Украинанинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш жараёни давом этмоқда. «Бу самарали ҳаво мудофаасига катта сармоядир. Бу ёрдам Украинани украиналиклар ҳаётини ҳимоя қилиш учун муҳим воситалар билан таъминлайди ва мудофаани мустаҳкамлашга ҳисса қўшади», деди у.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид