Жаҳон | 13:35 / 27.08.2025
7898
2 дақиқада ўқилади

НАТО немис қирувчиларини Россия самолётини тутиб олиш учун ҳавога кўтарди

Россиянинг Ил-20 разведка самолёти Болтиқ денгизи узра транспондери ўчирилган ҳолда ва парвоз режасини тақдим этмасдан учиб ўтаётган бўлган. Германия Ҳарбий-ҳаво кучларининг иккита Eurofighter учоғи ҳавога кўтарилди.

Фото: Baris Seckin/AA/picture alliance

26 август, сешанба куни Германия Ҳарбий-ҳаво кучларининг икки Eurofighter қирувчи самолёти Болтиқ денгизи устида халқаро ҳаво ҳудудида бўлган Россия разведкачи самолётини тутиб олиш учун ҳаракатга келтирилди.

Транспондерлари ўчирилган ҳолда ва парвоз режасини тақдим этмасдан учган Ил-20 самолётини тутиб олиш буйруғи НАТО қўмондонлиги томонидан берилган. Немис қирувчилари Росток-Лаге авиабазасидан ҳавога кўтарилди.

Жорий операция Германия ҳарбий-ҳаво кучлари самолётларининг йил бошидан бери Болтиқ денгизи устидаги ўнинчи тревога бўйича кўтарилиши бўлди, деб хабар беради dpa ахборот агентлиги.

Сўнгги пайтларда Болтиқбўйи минтақасида жосуслик уринишлари ва эҳтимолий қўпорувчилик ҳаракатлари туфайли вазият кескинлашди. Россия разведка самолётлари бир неча бор НАТО давлатларининг Болтиқбўйи қирғоқларида, хусусан, Полша, Германия, Дания ва Швециядаги ҳарбий фаолияти ҳақида маълумот тўплаш учун Калининграддан ҳавога кўтарилди. Бу каби парвозлар «Россиянинг ҳарбий қўрқитиш ва разведка маълумотларини йиғиш тактикаси»нинг бир қисми ҳисобланади», деб ёзган аввалроқ Германиянинг Bild газетаси.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид