Ўзбекистон | 15:33 / 27.08.2025
2017
2 дақиқада ўқилади

Пробация назоратини амалга ошириш тартиби тасдиқланди

Ички ишлар вазирининг буйруғи билан пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома тасдиқланди.

"Пробация тўғрисида"ги қонунга мувофиқ пробация назорати – қуйидагиларга йўналтирилган фаолият:

муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш тарзидаги жазога ҳукм қилинган шахслар, шартли ҳукм қилинган шахслар ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга ошириш;
уларда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини ҳамда жамиятда юриш-туриш қоидаларига ҳурмат билан муносабат бўлишни шакллантириш, суд томонидан белгиланган тақиқларга (чекловларга) ва мажбуриятларга риоя этилишини таъминлаш;
уларни ижтимоий реабилитация қилиш.

Йўриқномада пробация назоратидаги шахсларга нисбатан рағбатлантириш чоралари, интизомий жазолар ва ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш назарда тутилган. Хусусан, кўрсатилган шахсларга қуйидаги рағбатлантириш чоралари қўлланади:

  • ташаккурнома эълон қилиш;
  • ёрлиқ билан тақдирлаш;
  • илгари қўлланган интизомий жазо чорасини муддатидан олдин олиб ташлаш;
  • суд томонидан белгиланган чекловларни (тақиқларни) ва мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш.

Рағбатлантириш чорaлари қўлланиши тўғрисидаги масала пробация хизмати томонидан ҳар йили камида икки марта, шунингдек Меҳнат кодексида белгиланган байрам кунлари муносабати билан кўриб чиқилади.

Шунингдек, ҳужжатда қуйидаги тартиблар белгиланган:

  • пробация назоратидаги шахсларни ҳисобга олиш;
  • қуйидаги тарздаги жазо ижросини ташкил этиш:
  • муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;
  • мажбурий жамоат ишлари;
  • ахлоқ тузатиш ишлари;
  • озодликни чеклаш;
  • шартли ҳукм қилинганлар устидан назорат;
  • пробация назоратидаги шахсларни ижтимоий мослаштириш.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид