Иқтисодиёт | 18:27 / 28.08.2025
5450
2 дақиқада ўқилади

Россия бензин экспортига тақиқни яна узайтиришга мажбур бўлди

1,5 йил олдин жорий этилган, 1 йилдан буён узлуксиз амал қилиб келаётган тақиқ бу сафар 2 ойга узайтирилиб, 31 октябргача деб белгиланди. Украинанинг Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлари ортидан, РФнинг ўзида бензин тақчиллиги юзага келган.

Самара вилоятидаги Новокуйбишев НҚЗ дронлар ҳужумидан кейин ёнмоқда.

Россия ҳукумати автомобил бензини экспортига жорий этилган тақиқ муддатини яна 2 ойга узайтириб, 31 октябргача деб белгилади.

“2025 йил 1 сентябрдан 30 сентябргача тақиқ барча экспортёрларга: нефт маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга ҳам, ишлаб чиқармайдиганларга ҳам татбиқ этилади. 1 октябрдан бензин ишлаб чиқарувчилар учун чекловлар бекор қилинади”, – дейилади ҳукумат расмий хабарида.

Қарор ички ёқилғи бозоридаги барқарор вазиятни сақлаш мақсади билан изоҳланган.

Reuters'нинг ёзишича, Россия Украина қуролли кучларининг ҳужумлари туфайли нефтни қайта ишлаш қувватининг камида 17 фоизини йўқотган. Новокуйбишев, Саратов, Самара, Волгоград ва Сизрандаги нефтни қайта ишлаш заводлари ишлаб чиқаришни бутунлай тўхтатган.

Уруш фонида Россиянинг бензин экспортига тақиқ киритиши

Россияда бензин экспортига тақиқ – Украина билан урушда бир қатор нефтни қайта ишлаш заводлари ҳужумга учраши ортидан 2024 йил феврал ойида киритилган. Бунда ЕОИИ мамлакатлари, Ўзбекистон ва Мўғулистонга халқаро шартномалар бўйича етказиб бериш истисно этиб белгиланган.

Дастлаб тақиқ 2024 йил 1 мартдан 31 августгача амал қилиши кўзда тутилганди, лекин дронлар ҳужумига учраган НҚЗлар яна тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, ички бозордаги тўйиниш ортидан май ойига келиб тақиқ ечилган эди.

Август ойига бориб РФ ҳукумати бензин экспортини яна тўхтатди ва тақиқ 2025 йил 28 февралгача амал қилиши белгиланди. Кейинчалик бу муддат 2025 йил 31 августгача узайтирилди. Чеклов бунгача трейдерлар ва нефт базаларига тааллуқли бўлган бўлса, энди нефт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга нисбатан ҳам татбиқ этила бошлади.

Kun.uz ўрганишларига кўра, охирги ҳафталарда Тошкентдаги АЁҚШларда АИ-92 бензини сезиларли қимматлашган. Нархлар июл ойининг ўрталаридан кейин 7,6 фоизгача ошган. Шу билан бир пайтда АИ-80 нархи ҳам кўтарилди.

Тайёрлаган:  Мадина Очилова

Мавзуга оид