Жаҳон | 13:38 / 29.08.2025
2564
2 дақиқада ўқилади

БМТ Ливан жанубидаги «мовий дубулғалилар» миссиясини якунлаяпти

БМТ Хавфсизлик кенгаши қарорига кўра, Ливан жанубидаги БМТ тинчликпарвар миссияси 2026 йил охирида якунланади.

Фото: Thaier Al-Sudani/REUTERS

БМТнинг Ливан жанубидаги тинчликпарвар миссияси Исроил ва Ливан ўртасидаги «мовий чизиқ» деб аталмиш ҳудудда патруллик қилишни 2026 йил охирида якунлайди. Бундай қарор БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ню-Йоркдаги йиғилишида қабул қилинди, дея хабар беради ташкилот сайти 28 август, пайшанба куни.

БМТ Хавфсизлик кенгаши бир овоздан тинчликпарвар кучларнинг мандатини 2026 йил 31 декабргача — миссия тарихидаги сўнгги муддатга узайтириш тўғрисида овоз берди. БМТ резолюциясида айтилишича, унинг муддати тугагач, Ливан ҳукумати билан яқин ҳамкорликда миссиянинг ташкилий «ходимларини қисқартириш ва олиб чиқиш» бошланади. Бир йил ичида олиб чиқиш амалга оширилади, дея аниқлик киритди БМТ.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ливандаги Муваққат кучлари (UNIFIL) мамлакатда 1978 йилдан буён фаолият юритади ва 10 000 дан ортиқ ҳарбий ва фуқаролик ходимларидан иборат. У Исроил ва Ливан ўртасида буфер бўлиб хизмат қилиш учун яратилган. 2006 йилда Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ва Исроил ўртасидаги урушдан сўнг, БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси асосида тинчликпарвар кучларнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид