Ўзбекистон | 21:15 / 29.08.2025
3674
3 дақиқада ўқилади

Демократик ислоҳотлар йўлидан асло ортга қайтмаймиз — Шавкат Мирзиёев

“Олдимизда қандай синовлар пайдо бўлмасин, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, халқимизни рози қилиш йўлидан асло ортга қайтмаймиз”, – деди президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон демократик ислоҳотлар йўлидан ортга қайтмайди, деди президент Шавкат Мирзиёев миллий истиқлолнинг 34 йиллиги муносабати билан халққа йўллаган табригида.

“Олдимизда қандай синов ва машаққатлар пайдо бўлмасин, биз демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, миллий бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, халқимизни рози қилиш йўлидан асло ортга қайтмаймиз. Бошлаган буюк ишларимизни албатта охирига етказамиз”, – деди давлат раҳбари Янги Ўзбекистон боғидаги тантана олдидан сўзлаган нутқида.

“Афсуски, дунёда турли таҳдид ва хатарлар кўп. Аммо уларга қарши биргаликда, бир тану бир жон бўлиб курашсак, албатта енгамиз”, – деди президент.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат позицияси қандайлигини яна бир бор эслатиб ўтди.

“Энг аввало, Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқамиз.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари билан анъанавий, кенг қамровли ва стратегик шериклик алоқаларини янада кенгайтирамиз.

АҚШ, Европа ва бошқа ривожланган давлатлар билан савдо-иқтисодий, молиявий, инвестициявий ва технологик ҳамкорликни ривожлантириш, кенг кўламли шериклик ва амалий алоқаларни мустаҳкамлаймиз.

Жанубий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ, Африка минтақасидаги мамлакатлар билан янги ва истиқболли йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун транспорт-логистика йўлакларини яратишга алоҳида эътибор қаратамиз.

Афғонистон минтақавий ва глобал хавфсизликнинг муҳим омили эканидан келиб чиқиб, ушбу мамлакатнинг ҳукумати билан конструктив ва амалий ҳамкорлик олиб бориш зарур, деб биламиз.

Биз Фаластин халқи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюциялари билан тасдиқланган ҳуқуққа, яъни, ўзининг мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқига эга, деган қатъий позициямизни яна бир бор билдирамиз”, деди Шавкат Мирзиёев.

Президент нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, молия институтлари билан яқин ҳамкорлик ҳам доимий эътибор марказида бўлишини таъкидлади.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид