Таълим | 07:49 / 30.08.2025
2727
1 дақиқада ўқилади

БАА университети Ўзбекистонда ўз филиалини очиши мумкин

Ўзбекистон дипломатлари Бирлашган Араб Амирликларининг Al-Ain University раиси ўринбосари Нур Алдин Ататрех билан музокара ўтказди.

Фото: Дунё

Мулоқот аввалида Ўзбекистонда олий таълим соҳасида ва қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда имкониятлар тўғрисида тақдимот ўтказилди.

Икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари, хусусан, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви дастурини йўлга қўйиш, университет раҳбариятининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш, мамлакатда Al-Ain University филиалини очиш учрашувнинг асосий мавзуси бўлди.

Университет раисининг ўринбосари Нур Алдин Ататрех таклифларни қўллаб-қувватлаш баробарида, Ўзбекистонда уй-жой қурилиши ва соғлиқни сақлаш соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдирди.

Al Ain University 2004 йил ташкил этилган. Университетнинг иккита асосий кампуси бор. Улардан бири БААнинг Ал-Айн шаҳрида, иккинчиси эса Абу-Даби шаҳрида жойлашган. Университет муҳандислик, фармацевтика, тиббиёт, ҳуқуқ, таълим ва ижтимоий фанлар, бизнес, оммавий коммуникациялар каби йўналишларда малакали мутахассисларни тайёрлайди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид