Ўзбекистон | 11:36 / 30.08.2025
2619
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон ва Беларус президентлари амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 август куни Беларус президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлат раҳбари Беларус етакчисини таваллуд куни билан табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, дўст Беларус халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Беларусь президенти, ўз навбатида, Ўзбекистон етакчиси ва кўп миллатли халқини яқинлашиб келаётган Мустақиллик куни билан қутлаб, бардавом тараққиёт ва равнақ тилади.

Александр Лукашенконинг ўтган йил феврал ойида Ўзбекистонга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Беларус кўп қиррали шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Турли даражалардаги мулоқот ва алмашинувлар самарали бўлаётгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 30 фоизга ошди. Етакчи корхоналарнинг қишлоқ хўжалиги, электротехника, машинасозлик, тўқимачилик ва бошқа тармоқлардаги кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Парламентлараро, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алоқалар фаол ривожланмоқда.

Ўзбекистон ва Беларус етакчилари бўлажак икки томонлама учрашув ва тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид