Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев Стратегик материаллар бўйича ШҲТ минтақавий марказини ташкил этишни таклиф қилди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг Тянцзин саммити бўлиб ўтмоқда.
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон президенти Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида нутқ сўзлади.
"Жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган ҳозирги тенденцияларни ҳисобга олиб, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратамиз. Биз кенг минтақамизда иқтисодий ҳамкорликнинг барқарор моделларини шакллантириш тарафдоримиз. ШҲТ маконида минтақавий ички маҳсулот айирбошлаш ҳажмини оширишга туртки берадиган Савдони соддалаштириш тартиб-таомиллари тўғрисидаги битим имзоланишини муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз.
Ишончли ишлаб чиқариш-логистика занжирларини ривожлантириш ва ўзаро сармояларни рағбатлантириш зарур эканини таъкидламоқчиман. Шу муносабат билан ШҲТ доирасида минералларни қазиб олиш ва чуқур қайта ишлашда илғор технологияларни жорий этиш мақсадида Стратегик материаллар бўйича ШҲТ минтақавий маркази, мамлакатларимизда мувофиқлаштирилган сиёсат олиб бориш ва “яшил” энергетикани жадал ривожлантириш учун ШҲТ Энергетика консорциуми, стартап ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда илгари суриш учун Венчур компаниялари ва жамғармалари тармоғи, мамлакатларимиз минтақаларини жалб қилган ҳолда, бизнес бўйича мулоқотларни йўлга қўйиш ва инвестицияларни илгари суриш учун Махсус электрон портал каби қатор янги кўп томонлама платформалар ва кооперацияни қўллаб-қувватлаш воситаларини ташкил этишни таклиф қиламан", деди президент.
Минтақавий саноат ва инфратузилма лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали воситаларини тезроқ жорий этиш муҳим. Ушбу масалани ваколатли вазирлар даражасида яна бир бор кўриб чиқиш таклиф этилди.
Шимол – Жануб ва Шарқ – Ғарб йўналишлари бўйича транспорт-транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солиш мамлакатларнинг умумий манфаатларига жавоб беради. Марказий Осиё орқали Форс кўрфази ва Ҳинд океани портларига чиқадиган жанубий йўналишдаги йўлакларни ривожлантириш алоҳида долзарб аҳамият касб этмоқда.
"Биз “ШҲТ ягона транспорт макони”ни шакллантириш ва уни “Бир макон – бир йўл” стратегик ташаббуси билан боғлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун катта имкониятларни кўрмоқдамиз. Бу янги мултимодал тармоқлар, рақамли платформалар ва “яшил” йўлаклар яратишни назарда тутади. Бу борада тегишли кўп томонлама концепцияни ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Яна бир устувор йўналиш – ШҲТнинг “яшил” трансформация соҳасидаги ҳамкорлигини кенгайтириш. Хитой томонининг ташаббуси билан “Яшил” саноат соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги баёнот ўз вақтида қабул қилинмоқда, деб ҳисоблайман", деди давлат раҳбари.
Шунингдек, иқлим ўзгаришига мослашиш, ҳавога заҳарли газларни чиқаришни камайтириш, экологик хавф-хатарларни башорат қилиш учун сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масалалари бўйича минтақавий платформани ишга тушириш зарур.
Маданий алоқаларни янада чуқурлаштириш ва халқ дипломатияси институтини кучайтириш ШҲТ доирасидаги узоқ муддатли шерикликнинг муҳим омили ҳисобланади.
Халқ ижодиёти халқаро фестивалларини ўтказиш, “ШҲТ университети” шериклик тармоғининг онлайн кампусини яратиш, инновацион йўналишлар бўйича ҳар йили талабалар ва ёш мутахассислар ўртасида танлов ва олимпиадалар ташкил этиш гуманитар алмашувларни ривожлантириш ва халқларимизни янада яқинлаштиришга кучли туртки бериши мумкин.
Бундан ташқари, “Сайёҳлик йўлаги” ва ШҲТ тиббиёт туризми алянсини ишга тушириш каби истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Мавзуга оид
12:46 / 14.11.2025
ШҲТ доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича битим Ўзбекистонда тасдиқланди
14:22 / 11.10.2025
“МДҲ интеграция учун эмас, тартибли ажралиш учун тузилганди” – сиёсатшунос
18:54 / 08.09.2025
«Янги авлод» мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи ташкил этилади
13:16 / 06.09.2025