Ўзбекистон | 10:50 / 01.09.2025
3599
2 дақиқада ўқилади

Тиббиёт ОТМ талабалари Германия клиникаларида тажриба тўплайди

Германиянинг Любек университети сайтида Тошкент давлат тиббиёт университети ўқитувчи-профессор ва талабаларининг ушбу мамлакатда малака ошириш курсларида қатнашгани ҳақидаги мақола эълон қилинди.

Фото: Daniel Hoth / Universität zu Lübeck

"Жорий йилнинг июл ойида Тошкент давлат тиббиёт университети талабалари Любек университети ва Шлезвиг-Ҳолштайн университети клиникаларида ўзларининг билим ҳамда тажрибаларини оширди", – деб таъкидланган нашрда.

Ўқувлар Тошкент давлат тиббиёт университети, Германиянинг "Ғарб-Шарқ учрашувлари" жамғармаси ва Koch-Avicenna e.V. Германия-Ўзбекистон тиббиёт жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўзбекистонлик бўлғуси шифокорлар жарроҳлик, гинекология, урология ва онкология бўлимларида амалиёт ўтади ҳамда яра парвариши ўқув модели доирасида жарроҳлик тикув курси каби семинар машғулотларида қатнашди. Шунингдек, улар шифокорлар билан бирга тиббий амалиётларда иштирок этди, замонавий тиббиёт соҳасидаги тадқиқот ишлари билан танишди.

Таъкидланишича, ҳамкорликнинг асоси – бу иккала олий таълим муассасаси ўртасида тузилган умумий келишув бўлиб, у талаба, ўқитувчи ва тадқиқотчиларнинг ўзаро алмашинуви ҳамда қўшма таълим ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини кўзда тутади.

"Марказий Осиёдаги энг нуфузли тиббиёт университетларидан бири билан ҳамкорлик қилиш кенг имкониятларни тақдим этади. Биз бу имкониятларни янада ривожлантириш ниятидамиз. Илмий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистонга немис делегацияси сафари ҳам режалаштирилган", – дея профессор Томас Мюнте сўзларидан иқтибос келтирилган мақолада.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид