Жаҳон | 09:52 / 02.09.2025
2861
1 дақиқада ўқилади

Россиянинг Киев вилоятига ҳужуми оқибатида бир киши ҳалок бўлди

Белой Церквида Россия ҳужуми пайтида ҳалок бўлган эркакнинг жасади гараж кооперативидаги ёнғинни ўчириш вақтида топилди, деб хабар берди ВҲМ раҳбари Николай Калашник.

Фото: Telegram / Mykola_Kalashnyk

Россиянинг Украинанинг Киев вилояти Белая Церков шаҳрига уюштирган ҳужуми натижасида бир киши ҳалок бўлди, деб хабар берди Киев вилояти ҳарбий маъмурияти (ВҲМ) раҳбари Николай Калашник 2 сентябр, сешанба куни эрта тонгда Telegramʼда.

«Эркакнинг жасади гараж кооперативидаги ёнғинни ўчириш вақтида топилди, - дейилади постда. - Унинг оиласи ва яқинларига ҳамдардлик билдираман». Калашник Россия ҳужуми натижасида кўп қаватли уйларнинг ойналари шикастлангани, савдо ва ишлаб чиқариш корхоналари ҳудудида ёнғинлар содир бўлганини таъкидлади.

Шаҳар ҳарбий маъмурияти (ШҲМ) раҳбари Сергей Кривошеенко Telegramʼда Россия Федерациясининг Суми шаҳрига тунги ҳужуми оқибатлари ҳақида гапирди. Унинг постидан маълум бўлишича, Россиянинг ўққа тутилишидан сўнг бир неча жабрланганлар амбулатор ёрдам сўраган, улар орасида бир бола ҳам бор.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид