Жаҳон | 16:07 / 02.09.2025
6539
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Киевга зарбасидан кейин НАТО-Украина кенгаши чақирилди

Брюсселда НАТО-Украина кенгашининг сиёсий маслаҳатчилар даражасидаги навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. У Украинанинг илтимосига биноан Россиянинг Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларига берган оммавий зарбаларидан кейин чақирилди.

Фото: Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати

1 сентябр, душанба куни Брюсселда НАТО-Украина кенгашининг сиёсий маслаҳатчилар даражасидаги навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда dpa агентлиги. Йиғилиш Россия август ойи охирида Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларига оммавий зарбалар берганидан кейин Украина илтимосига кўра чақирилди.

Учрашув олдидан Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига X ижтимоий тармоғида шундай ёзди: «Россиянинг тинчликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини рад этиши ва украиналикларга қарши террорнинг кучайишига адекват жавоб бериш учун қўшма қадамлар бўйича мақсадли муҳокамани кутамиз». Сибига «Украинани қатъий қўллаб-қувватлаш ва мазмунли тинчлик саъй-ҳаракатларини» кўрсатишда давом этаётган НАТО ва барча иттифоқчиларга миннатдорчилик билдирди. «Москва урушни чўзиш учун кўпроқ босимни ҳис қилиши керак», деб таъкидлади Украина ТИВ раҳбари.

«Украинская правда» газетасининг таъкидлашича, мамлакатларнинг НАТОдаги доимий ваколатхоналаридаги сиёсий маслаҳатчилар одатда бундай йиғилишларда қарор қабул қилмайди, балки тафсилотларни муҳокама қилади, позицияларни мувофиқлаштиради ва ҳужжатлар матнларини тайёрлайди. Dpa агентлиги эслатишича, Украина ҳали Шимолий Атлантика алянси аъзоси бўлмаса-да, ўз «хавфсизлик фаолиятини у билан яқиндан мувофиқлаштиради».

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид