Жаҳон | 11:50 / 03.09.2025
2584
2 дақиқада ўқилади

АҚШ суди Googleʼга Chrome ва Android'ни сотмасликка рухсат берди

АҚШ федерал суди Google компаниясига ўз сервисларини, жумладан, қидирув тизимини тарқатиш бўйича эксклюзив шартномалар тузишни тақиқлади. Бундан ташқари, компанияга олти йил давомида ўз маълумотларини рақобатчилар билан бўлишиш буюрилди.

Фото: AP

2 сентябр, сешанба куни АҚШнинг Колумбия округ суди монополияга қарши иш бўйича Googleʼнинг интернет қидирув тизимлари бозоридаги ҳукмронлиги ҳақидаги қарорни чиқарди. Судя Амит Меҳта АҚШ Адлия вазирлигининг компаниянинг асосий маҳсулотлари – Chrome браузери ва мобил гаджетлар учун Android операцион тизимини сотиш бўйича сўровини рад этди, деб ёзади The Wall Street Journal.

230 саҳифалик суд қарори Google'га ўзининг асосий хизматларини, жумладан, веб-қидирув, Chrome ва сунъий интеллектли Gemini чат-ботини тарқатиш бўйича эксклюзив шартномалар тузишни тақиқлайди. Бироқ қарор ҳали ҳам Америка компаниясига Apple ёки Mozilla (Firefox браузерини ишлаб чиқарувчи) каби компанияларга хизматларини маҳсулотларига олдиндан ўрнатиш учун тўлаш имконини беради. Маълумки, Google «олма» Safari браузерида стандарт қидирув тизими эканлиги учун Apple йилига 20 миллиард доллар олади.

Федерал суд, шунингдек, Google'га ўз маълумотларини Microsoft Bing ёки DuckDuckGo каби интернет-қидирув бозоридаги иккала рақобатчи ва ChatGPT яратувчиси OpenAI каби сунъий интеллект компаниялари билан олти йил давомида бўлишишни буюрди. Қарор судя Меҳтанинг 2024 йилдаги Google қидирув ва реклама бозорларида адолатсиз устунликка эга эмаслиги ва монополиясини ҳимоя қилиш учун миллиардлаб доллар сарфлаганлиги ҳақидаги қарорига асосланади. Компания аллақачон қарор устидан шикоят қилишини билдирган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид