Жаҳон | 15:16 / 03.09.2025
21742
5 дақиқада ўқилади

Хитойдан “Ядро триадаси”: Бу нимани англатади?

Пекиндаги парад Хитойнинг ҳарбий қудратини намойиш қилди. Унда қитъалараро ядро ракеталари, гипертовушли қуроллар, лазер тизимлари, роботлаштирилган артиллерия ва янги авлод қирувчилари тақдим этилди. Таҳлилчилар бу парадни Хитой ядровий триадаси ер, ҳаво ва денгиздан зарба бериш салоҳиятининг очиқ кўриниши, шунингдек, мамлакатнинг жадаллик билан давом этаётган ҳарбий модернизацияси сифатида изоҳлашмоқда. Kun.uz'нинг "Геосиёсат" лойиҳасида шу ҳақида гап боради.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Пекиндаги ҳарбий парадда қандай қуроллар намойиш этилди?

Шуҳрат Расул: Аввало, ядро қуролларидан бошласак. Парадда Хитой модернизация қилинган стратегик қитъалараро ракетаси DF-5C намойиш қилинди. У 12-15 минг километр масофага уча олади ва 10 та ядро каллаги билан жиҳозланган. 1981 йилда хизматга қабул қилинган DF-5 ракетаси эса фақат битта каллакка эга эди ва учиш масофаси 13 минг километр эди. Янги модел эса нафақат кучлироқ, балки юқори аниқликка эга 50 метр хатолик билан нишонга етиб боради. Манбаларга кўра, Хитой ҳозир 600 та ядро зарядига эга, 2035 йилгача эса 1,5 мингга етказишни режаламоқда. Парадда баллистик, қанотли ва гипертовушли ракеталар ҳам кўрсатилди. Масалан, DF-29 5 минг километргача уча олади ва ядро каллаклари билан қуролланган. Гипертовушли ракеталар эса 5,5 Мач тезликдан юқори учиб, мавжуд ҳаво мудофааси тизимлари томонидан уриб туширилиши деярли имконсиз. Айримлари ер устидан, айримлари эса авиация орқали учирилади. Уларнинг имкониятлари Россиянинг “Кинжал” ракетасидан устунроқ экани таъкидланди. Хитой илгари бошқа давлатларда бўлмаган қўшин турларини ҳам намойиш қилди: информацион қўшинлар ва электромагнит қўшинлар. Бундан ташқари, икки турдаги лазер қуроллари ҳам илк бор кўрсатилди. Улар, асосан, дронларни уриб туширишга мўлжалланган. АҚШдан ташқари, бундай қуролларни амалда намоён қилган иккинчи давлат сифатида Хитой қайд этилди. Россиянинг “Пересвет” лазер қуроли эса ҳанузгача реал жанговар шароитда исботини топмаган. Шунингдек, ерда ҳаракатланувчи кичик роботлаштирилган артиллерия тизимлари ҳам кўрсатилди. Бундай технологиялар келажакда аскарсиз уруш олиб бориш имконини бериши мумкин. Парадда бешинчи авлод қирувчи самолётлари ҳам намойиш этилди. Улар ўз техник хусусиятларига кўра, АҚШнинг F-35 самолётларига тенглаштирилмоқда. Шунингдек, сувда ҳаракатланувчи дронлар ҳам илк бор кўрсатилди. Кўплаб экспертлар бу парадни Хитой ядровий “триадаси”нинг ер, ҳаво ва денгизда зарба бериш имкониятининг очиқ намойиши сифатида баҳолади.

Умуман, Хитой бу парад орқали ўзининг қудратини амалда кўрсатди ва бу қудрат борлигини дунёга намоён қилди.

Ҳамза Болтаев: Хитой Халқ Республикаси ҳарбий соҳадаги ютуқларини парадларда кўрсатишда бир нечта мақсадни кўзлайди: халқаро миқёсда куч-қудратини намойиш қилиш, ички аудиторияга эса ишонч бағишлаш. Бироқ ҳар қандай давлат бошқа мамлакатнинг парадларда кўрсатаётган қуролларидан ташқари, унинг ҳақиқий жанговар салоҳиятини ҳам ўз разведкаси ва экспертлари орқали баҳолайди. Масалан, Совет Иттифоқи давридаги йирик парадларда қуроллар намойиш этилган бўлса-да, улар кўпинча реал жанговар шайлик даражасида эмаслиги кейинчалик аён бўлган.

Хитой мисолида эса вазият бошқача. Ғарб давлатлари ва халқаро хавфсизлик ташкилотлари берган хулосалар ишончли манба сифатида қабул қилинмоқда. Масалан, мутахассислар фикрича, 2035 йилгача Хитой ядровий каллаклар сонини 1,5 мингга етказиши мумкин. Бу жуда тезкор модернизация бўлиб, улкан маблағ, технологик имконият ва илмий салоҳият талаб этади. Ҳозиргача расмий манбаларда Хитойнинг ядровий арсенали 300 каллак деб баҳоланиб келган бўлса-да, сўнгги маълумотларга кўра бу рақам 600 тадан ошган. Аниқ сони 700, 750 ёки ҳатто 1000 та бўлиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, бу кўрсаткич Хитойнинг ҳарбий қудрати кескин ошаётганини англатади.

Суҳбатни YouTube’да томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид