Ўзбекистон | 14:37 / 03.09.2025
2227
2 дақиқада ўқилади

Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлигининг вазифалари белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг «Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Фото: iStock

Президентнинг «Телекоммуникация соҳасида тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлиги ташкил этилган бўлиб, у операторлар ва провайдерлар кўрсатаётган хизматлар сифатининг белгиланган талабларга мувофиқлигини мониторинг қилади.

Ҳужжат билан телекоммуникация соҳасини тартибга солиш агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, унда қуйидагилар белгиланган:

  • агентлик фаолиятини ташкил этишнинг асослари ва тартиби;
  • агентликнинг асосий вазифа ва функциялари;
  • агентлик фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби ва мезонлари;
  • агентлик фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимларига меҳнат ҳақи тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби.

Агентликнинг асосий вазифалари:

  • телекоммуникация соҳасидаги фаолият ва муносабатларни тартибга солиш;
  • телекоммуникация соҳасида юридик шахслар фаолиятига лицензия ва рухсат бериш;
  • телекоммуникация тармоқлари ва иншоотларини қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертиза қилувчи юридик шахсларни аккредитациялаш;
  • телекоммуникация хизматларининг айрим турларини, шунингдек тармоқлараро уланишлар тарифларини тартибга солиш;
  • телекоммуникация тармоқларини кенгайтириш тизимини ривожлантириш;
  • глобал ахборот тармоғининг миллий сегменти манзил фазосидан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқиш, домен номлари тизимини белгилаш;
  • телекоммуникация ускуналарини маркировкалаш;
  • универсал хизматлар рўйхати ва уларнинг сифатига қўйиладиган талабларни белгилаш;
  • операторлар ва провайдерлар учун тенг шарт-шароитлар таъминлашга кўмаклашиш;
  • эркин рақобат асосида телекоммуникация хизматлари бозорини шакллантириш ва ривожлантиришга кўмаклашиш ва бошқалар.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид