Кўчмас мулк | 14:21 / 04.09.2025
3897
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги 96 фоиз ерларнинг электрон харитаси яратилди

Ўзбекистондаги 96 фоиз ерларнинг электрон харитаси яратилди. Бу ҳақда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси тўғрисида Республика аэрогеодезия маркази бўлим бошлиғи маълум қилди.

Топографик съёмка ишлари учун махсус самолёт ва аэрофотокамера, 112 та учувчисиз учиш воситалари (дрон) билан таъминланди ҳамда соҳани рақамлаштириш учун 6 та ахборот тизими ва маълумотлар маркази ишга туширилди. Уч йил давомида 96 фоиз ерларнинг электрон харитаси яратилди. Олиб борилган тизимли ишлар натижасида захирадаги 1,2 миллион гектар қишлоқ ерларига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиши ҳисобига 675 минг аҳоли ва фермерларга 425 минг гектар ерлар бўлиб берилди.

Республикадаги ер фонди тоифалари бўйича ҳудудлар кесимида мониторинг ишлари ва хатловлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда ер ресурсларини самарали бошқариш, улардан оқилона фойдаланиш янги босқичга чиқди. Бунинг натижасида мамлакатдаги барча ер майдонларида босқичма-босқич хатлов ўтказилмоқда.  

Қишлоқ хўжалиги ер тоифасида бўлган, амалда саноат ёки бошқа мақсадларда фойдаланилаётган ер майдонларини тўлиқ хатловдан ўтказиш ҳамда ҳукумат комиссиясига таклифлар киритиш бўйича Республика аэрогеодезия маркази етакчи мутахассислари томонидан ер майдонлари хатловдан ўтказилди ва электрон хариталари яратилди.  

Ер майдонларини хатловдан ўтказиш ишларини сифатли амалга оширишда табиийки, юқори аниқликдаги ўлчовчи ускуналар ва технологияларни қўллаш талаб этилади.

Ушбу ишларни ташкил қилиш учун Республика аэрогеодезия маркази томонидан Tecnam P2006T русумли самолётда олинган аэрофотосуратлар ёрдамида ортофопланлар тузилиб, харитага олинаётган ҳудудлардаги ҳар бир объект юқори аниқликда мавзули дешифровка қилинади. Бу барча ердан фойдаланувчиларнинг ҳақиқий чегараларини тасвирлаб бериш имкониятини беради. Бундан ташқари харитага олинаётган ҳудудларда объектларнинг даврий ўзгаришларини ҳам аниқлаш мумкин.  

Ҳозирги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари бўйича ер ҳисобида кўрсатилган ер майдонларининг амалдаги ҳолати ўрганилди. Хоразм вилоятидаги ер фондининг барча 8 та тоифаси бўйича ер ресурсларининг ҳисоботда акс эттирилиши ва улардан амалда фойдаланилиши бўйича аниқланган маълумотларга кўра, вилоят бўйича жами ерлар 608 минг 158 гектар кўрсатилган бўлса, хатлов натижасида ушбу ер майдони 618 минг 432 гектарни ташкил қилган.  

Ер тоифаларининг ўзгариши асосан қишлоқ хўжалиги ерларига тўғри келиб, ҳисобот бўйича қишлоқ хўжалиги фондида турган ер майдонлари амалда ер фондининг бошқа турларига ўтиб кетган. Жумладан, аҳоли пунктлари ерлари, саноат ерлари, тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар, сув ерлари ва табиатни муҳофаза қилиш ерлари ҳисобига ўтгани аниқланган. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид