Аёллар дунёси | 18:16 / 04.09.2025
3058
4 дақиқада ўқилади

Хорижда ўқиш орзусидаги қизлар учун: қандай қилиб бепул ўқиш мумкин?

Бугун халқаро таълим майдонида имкониятлар ҳар қачонгидан ҳам кенгайиб бормоқда. Чет элда ўқиш энди орзу эмас, балки аниқ режа ва ҳаракат қилган ёшлар учун қўл етадиган имкониятдир. Хусусан, қизлар учун хорижий университетларда таҳсил олиш нафақат билим, балки мустақил фикрлаш, янги маданиятни ўрганиш ва келажакда жамиятда фаол ўрин эгаллаш сари ташланган қадамдир.

Фото: Getty images

Чет элда ўқишнинг энг катта тўсиқларидан бири — молиявий масала. Кўплаб ота-оналар “бу қимматга тушади” деган ўй билан фарзандларини орзусидан қайтаради. Аммо ҳозирги кунда ёшлар учун халқаро миқёсда юзлаб грант ва таълим дастурлари мавжуд. Айниқса, қизлар учун очилган имкониятлар тобора кенгаймоқда. Хорижий таълим қизларнинг шахс сифатида шаклланишида муҳим рол ўйнаб, уларга эркин қарор қабул қилиш, турли миллат ва дин вакиллари билан мулоқот қилиш ҳамда замонавий илмий ёндашувлардан бевосита фойдаланиш имкониятини беради.Шунингдек, бундай тажриба — келажакда халқаро ташкилотларда ишлаш, ўз бизнесини йўлга қўйиш ёки таълим тизимида янгиликлар киритиш учун мустаҳкам пойдевор ҳисобланади.

Энг машҳур грант ва лойиҳалар:

Erasmus+ — Европа Иттифоқининг энг йирик таълим дастури. У нафақат Европада ўқишни, балки қисқа муддатли алмашинувларни ҳам қамраб олади. Талабалар бир неча ой ёки бир йил давомида Европа университетларида ўқиб, қайтиб келишлари мумкин. Бунда стипендия, турар жой ва ҳатто сафар харажатлари ҳам қопланади.

DAAD — Германия ҳукумати таълим алмашинуви хизмати. Бу дастур бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичлари учун мавжуд бўлиб, илмий тадқиқотлар, амалиёт ва ёзги курсларни ҳам ўз ичига олади. DAAD грантини ютган талабалар ўқиш, яшаш ва соғлиқни суғурталаш харажатларидан бутунлай озод бўлади.

Fulbright — АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштириладиган энг қадимий ва машҳур дастурлардан бири. Асосан магистратура ва тадқиқот лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди. Бу грант орқали нафақат ўқиш, балки илмий фаолиятни давом эттириш мумкин.

Туркия бурслари — Туркия ҳукумати томонидан тақдим этиладиган тўлиқ грант дастури. Бакалавр, магистр ва докторантура босқичлари учун очиқ. Бу дастур нафақат ўқишни, балки талабанинг турар жойи, тиббий суғуртаси ва ойлик стипендиясини ҳам қамраб олади. Энг муҳими, тил билмайдиган талабалар учун дастлабки йилда бепул турк тили курслари ҳам тақдим этилади.

Грантга қандай тайёргарлик кўрилади?

Грант ютиш фақат яхши баҳолар эмас, балки кенг дунёқараш ва фаолиятга боғлиқ. Тажрибали талабалар қуйидаги маслаҳатларни тавсия этишади:

Халқаро таълим эшикларини очадиган энг асосий калит бу тил билишдир. IELTS, TOEFL ёки бошқа халқаро сертификатлар нафақат ҳужжат топширишда зарур, балки ўқиш жараёнида ҳам катта ёрдам беради. Шу боис, имкон қадар эрта бошлаб, мунтазам тайёрланиш муҳим.

Грант берувчилар нафақат ўқишда, балки жамиятда фаол бўлган талабаларни қадрлашади. Ёшлар ташкилотларидаги иштирок, ижтимоий лойиҳалар — буларнинг барчаси сизнинг етакчилик қобилиятингизни кўрсатади.

Яна бир муҳим босқич бу мотивацион хат. Бу ҳужжат оддий қоғоз эмас, балки сизнинг шахсий ҳикоянгиз. Нега айнан шу йўналишда ўқишни хоҳлайсиз, келажакда ўз билимингизни қаерда ва қандай қўлламоқчисиз, буни самимий ва ишончли тарзда ёзиш керак. Грант комиссияси сизнинг интилишларингизни шу хатдан англайди.

Илмий лойиҳалар ва кичик амалий ишларда қанчалик кўп қатнашганингиз сизнинг билимни амалда қўллаш қобилиятингизни кўрсатади. Бу эса сизни бошқа номзодлардан ажратиб турадиган катта устунлик бўлиши мумкин.

Мавзуга оид