Жамият | 09:51 / 06.09.2025
2738
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистондан катта миқдордаги кучли дориларни олиб келганлар ушланди

Наманган шаҳрида яшовчи, муқаддам Жиноят кодексининг 246- ва 251-1-моддаларида назарда тутилган жиноятни содир қилган шахс Қирғизистондан кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб келиб сотиш орқали мўмай даромад топишни режа қилган.

Фото: Telegram/ ХAVFSIZLIK

Бу мақсадда у қирғизистонлик танишига алоқага чиқиб, катта партиядаги дори воситаларини етказиб беришини сўраган.

Ўз навбатида, Қирғизистон фуқароси 16 755 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини айланма йўллар орқали Косонсой туманига олиб келиб, хуфия жойга қолдирган.

Наманганлик шахс эса ушбу дори воситаларини Косонсой туманидан Наманган шаҳрига келтириб бериши учун ўзининг ҳамшаҳарига 500 минг сўм ваъда қилган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда куръер дори воситаларини хуфия жойдан олиб кетаётган вақтида ушланди. Шунингдек тезкор тадбир давом эттирилиб, буюртмачи ҳам процессуал тартибда қўлга олинди.

Ҳозирда ушбу 2 нафар фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми ва 251-1-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.

Фарғона вилоятида қайд этилган ҳолатда эса Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ва Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Қўқон шаҳрида яшовчи, муқаддам Жиноят кодексининг 246- ва 273-моддаларида назарда тутилган жиноятни содир қилган шахс ўзининг “Трекер 2” русумли автомашинасида “Фарғона–Қўқон” йўналишида ҳаракатланаётган вақтида тўхтатилди.

Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида 11 200 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги маълум бўлди.

Терговга қадар текширув давомида, ушбу дори воситалари Қирғизистондан айланма йўллар орқали олиб келингани аниқланди. Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 28,246-моддаси 1-қисми ва 251-1-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид