Жаҳон | 14:16 / 08.09.2025
4165
2 дақиқада ўқилади

Истанбул полицияси мухолифат партияси қароргоҳини ўраб олди

Туркия мухолифатдаги Республика халқ партиясига қарши ҳужумларини кучайтирмоқда. Унинг тарафдорлари муваққат бошқарувчининг тайинланишига норозилик билдирмоқда ва Истанбулдаги РХП штаб-квартираси атрофидаги кордонни бузиб ўтишга ҳаракат қилмоқда.

Фото: CHP

Туркиянинг энг йирик мухолифат кучи – Республика халқ партияси (РХП) тарафдорлари Истанбулда маҳаллий партия раҳбариятининг четлатилишига қарши намойиш ўтказгач, полиция Истанбулнинг Сариер туманидаги партия қароргоҳи атрофидаги бутун бир ҳудудни ўраб олди. Шунга қарамай, 7 сентябр, якшанба куни у ерда тўпланган намойишчилар баррикадаларни бузиб ўтишга ҳаракат қилди, деб хабар берди Halk TV. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған томонидан тайинланган Истанбул губернатори бир неча туманларда намойишлар ўтказишни уч кунга тақиқлаб қўйди.

РХП раҳбари Ўзғур Ўзел ўз тарафдорларини ўраб олинганига қарамай партия қароргоҳи томон юришга чақирди. «Кимки Республика халқ партиясини ҳимоя қилса, у республикани ҳимоя қилган бўлади», — дея унинг сўзларини келтиради dpa агентлиги.

РХПга босим бир неча ойдан бери давом этмоқда ва партия Туркия ҳукумати унга қарши сиёсий кампания олиб бормоқда, деб ҳисоблайди. Охирги тартибсизликларга 2 сентябрдаги суд қарори сабаб бўлган, унда икки йил аввал партия қурултойида иддао қилинган қонунбузарликлар туфайли РХПнинг Истанбул раҳбарияти тўлиқ лавозимидан озод этилган ва муваққат бошқарувчи тайинланган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид