Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европа жамиятлари Украинага қўшин юборишга қарши, нега?
Кўнгиллилар коалициясидаги 26 та давлат урушдан кейин Украинага ўз ҳарбийларини жўнатишга тайёр, дея маълум қилди Франция президенти Эммануэл Макрон. Лекин ижтимоий сўровларга кўра, Киевни ҳимоя қилиш учун аскар жўнатиш ғоясига нисбатан Европа жамиятларида умумий қаршилик сақланиб қолмоқда. “Геосиёсат” дастури экспертлари бунинг сабаблари ҳақида сўз юритди.
4 сентябр куни Парижда Украина президенти Володимир Зеленский иштирокида Киевни қўллаб-қувватлаш бўйича Кўнгиллилар гуруҳи учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида мезбон Франция президенти Эммануэл Макрон 26 та давлат Украинага ўз ҳарбийларини жўнатишга тайёрлигини билдирганини маълум қилди.
Эртасига Россия президенти Владимир Путин бунга муносабат билдириб, Украинага келадиган Ғарб ҳарбийларини “қонуний нишон” деб ҳисоблашини айтди. Ваҳоланки, аввалроқ РФ ҳам бу урушда ўзининг Курск вилоятини озод қилиш учун КХДР ҳарбийлари ёрдамидан фойдаланган эди.
Айни пайтда, Европанинг қатор давлатлари ҳукумат даражасида қўшин юборишга тайёрлигини билдираётган бўлса-да, ҳукумат қарорларини белгилайдиган жамиятлар даражасида бундай деб бўлмайди. Евроиттифоқ жамиятларидаги ижтимоий фикрни ўрганувчи Century End фондининг июн ойидаги сўровларига кўра, ЕИ аҳолисининг 67 фоизи Украинага ҳарбий жўнатишга қарши. Иттифоқнинг ҳеч бир давлатида бу ғояни қўлловчилар улуши кўпчиликни ташкил этмаган.
Айни мавзу Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида муҳокама марказида бўлди.
— КХДР қўшинлари Россия ҳудудида экан, нега Ғарб аскарлари Украинага кириши мумкин эмас?
Анвар Йўлдошев: Биринчидан, дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келган ёлланма жангчилар Украина томонида аллақачон урушда қатнашяпти. Иккинчидан, сиз айтаётган расмий ҳарбий қисмлар масаласи: қатнашсин, нега қатнашмаяпти? Чунки Европада инсон қадри жуда юқори туради.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи давлатларида ва АҚШда жамоатчилик назорати кучли, демократия ишлайди. Айнан мана шу омил ҳукуматларга босим қилади. Европа Иттифоқида жамоатчилик фикри ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Жамиятда “Нега менинг фарзандим урушга бориши керак?” деган қараш кучли бўлгани учун сиёсатчилар ҳам очиқ норозилик билдиради. Шу боис, қоғозда 10 минг аскар йиғилиши мумкинлиги айтилса-да, амалда бундай сафарбарликни амалга ошириш жуда мушкул.
Ойбек Сирожов: Европа Иттифоқининг асосий муаммоси шундаки, уларда қўшин жўнатиш салоҳияти ҳам етарли эмас. Европада вазият бошқача, реал равишда бундай кучни сафарбар қила олишларига шубҳа катта. Бунинг сабаби ижтимоий омилларда: 1990-йиллардан буён Европа жамиятларида асосий эътибор ижтимоий ҳимоя ва фаровонликка қаратилди. Ватанпарварлик ва ҳарбий руҳ эса четга сурилди. НАТО соябони остида яшаш эса хавфсизлик ҳиссини мустаҳкамлаб, Европанинг бугунги даражага эришишида катта рол ўйнади. Лекин энди Европа Иттифоқи янги воқелик билан юзма-юз турибди: қўшин юбориш зарур, аммо жамият бунга тайёр эмас.
Буни Германия ёки Полша мисолида ҳам кўриш мумкин: сиёсий раҳбарлар қўшин юбормаслик тарафдори, чунки улар жамоатчиликнинг кескин қаршилигини билишади. Албатта, қўшин юборилса, Россия кескин реакциясини билдириши мумкин. Бироқ асосий муаммо – Европа буни бемалол қила оладиган имкониятга эга эмаслигида.
Камолиддин Раббимов: Биринчидан, бугунги кунда Европа давлатларининг минглаб ҳарбий мутахассислари Украинада консултант сифатида фаолият юритмоқда. Улар бевосита жанговар ҳаракатларда қатнашмайди, балки украиналик ҳарбийларга қурол ишлатишни, мудофаа ва ҳужум стратегияларини ўргатади. Агар улар қўлига қурол олиб рус аскарларини бевосита ўлдира бошласа, бу автоматик равишда учинчи жаҳон уруши бошланишини англатади. Чунки бундай вазиятда, масалан, француз, немис ёки голландиялик аскар Украина ҳудудида рус фуқароларига қарши тўғридан тўғри жанг қилса, бу учинчи давлатнинг билвосита эмас, балки бевосита урушга аралашуви ҳисобланади.
Иккинчидан, Шимолий Корея масаласи. Бу давлат маргинал, яъни жаҳон ҳамжамиятидан ажралган мамлакат сифатида танилган. Пхенян аскарлари ҳам урушнинг марказида эмас, балки унга яқин ҳудудларда фаолият юритмоқда. Маълумотларга кўра, ҳозирга қадар 2000 га яқин шимолий кореялик аскар ҳалок бўлган. Бироқ Ким Чен Ин бундан манфаатдор, чунки у Россиядан қурол, технология ва молиявий ёрдам олаётганини билади. Аслида бу оддий алмашинув: Шимолий Корея аскар ва инсон ресурси беради, эвазига Россиядан газ, нефт, пул ва қурол-аслаҳа олади.
Шимолий Корея узоқ йиллар давомида халқаро майдонда яккаланиб қолган, ҳеч ким унга яқинлашмаган. Бироқ бугун вазият ўзгарди: Россиянинг очиқ иттифоқчисига айланди.
Шуҳрат Расул: Европада инсон қадри ва ҳаёти энг олий даражада қадрланади. Шу сабабли Европа давлатлари Украинага ёрдамни кўпроқ пул ва қурол-аслаҳа етказиб бериш орқали амалга оширмоқда, аммо ўз фуқароларининг бевосита урушда қатнашишига йўл қўймайди. Чунки у ерда ҳар бир инсон ҳаёти муҳим. Бунга қарама-қарши тарзда, Россия бугун тўлиқ маргинал давлатга айланган: миллионлаб одам ҳалок бўлаётганига қарамай, раҳбарият бунга эътибор қилмаяпти.
Худди шундай, Шимолий Корея ҳам маргинал давлат сифатида инсон ҳаётини қадрламайди. Африкадаги айрим мамлакатларда ҳам юз минглаб одамларнинг ўлими қабила бошлиқлари учун оддий ҳодисадай кўрилади.
Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:54 / 06.12.2025
Путин денгиз блокадаси билан таҳдид қилди. РФ армияси бунга қодирми?
16:15 / 06.12.2025
Мерцга Кремлдан "ҳужум": АҚШнинг Украина бўйича роли атрофида баҳс кучаймоқда
13:54 / 06.12.2025
Украинада тинчлик – АҚШ миллий хавфсизлик стратегиясининг устувор йўналиши
13:16 / 06.12.2025