Жаҳон | 23:45 / 10.09.2025
6307
2 дақиқада ўқилади

Камала Ҳаррис ўз китобида Жо Байденни танқид қилди

АҚШ собиқ вице-президенти сўзларига кўра, иккинчи муддатга сайланиш тўғрисидаги қарор Жо Байден ва биринчи хоним томонидан ўзаро қабул қилингани «бефаросатлик» бўлган.

Фото: Bloomberg

АҚШ собиқ вице-президенти ва 2024 йилги президентлик сайловида номзод бўлган Камала Ҳаррис сайловолди кампанияси ва унда Жо Байден ўйнаган рол ҳақида деярли биринчи марта фикрларини баён қилди.

The Atlantic журнали унинг «107 кун» номли хотиралар китобидан парча эълон қилди. Ушбу парчадан маълум бўлишича, иккинчи муддатга сайланиш тўғрисидаги қарор президент Жо Байден ва биринчи хоним томонидан якка тартибда қабул қилинган. Ҳаррис хоним буни «бефаросатлик» деб ҳисоблайди.

«Ҳамма бу қарор Жо ва Жилл (Байденнинг рафиқаси) томонидан қабул қилинганини айтди. Энди ўйлаб қарасам, бу бефаросатлик эди. Ставкалар жуда юқори эди. Бу бир одамнинг нафсонияти ва шуҳратпарастлигига ташлаб қўйиладиган қарор эмас эди», деб ёзди у.

Ҳарриснинг ёзишича, у президентга иккинчи муддатга сайланмаслиги кераклигини тушунтириш керакми ёки йўқлиги ҳақида кўп ўйлаган. Охир-оқибат, у Байден бундай сўзларни «ошкора шуҳратпарастлик ва эҳтимол, даҳшатли садоқатсизлик» деб ҳисоблайди деб ўйлаб, бу ғоядан воз кечган. Бунинг устига, Байден жамоаси шундоқ ҳам «кўпинча Ҳаррисга қарши ишлаган», «Ҳаррис қанчалик яхши кўринса, унинг фонида Байден шунчалик ёмон кўринади» деб ҳисоблаган.

«81 ёшида Жо чарчади... Кексалик ўзини кўрсатди, жисмоний ва оғзаки намоён бўлди. Аммо у ўз ишини тўла-тўкис бажаришга қодир эди. Ўзининг энг ёмон кунларида ҳам у Доналд Трампга қараганда теранроқ ва малакалироқ эди, соғлом фикрлаш қобилиятига эга эди...», деб ҳисоблайди Камала Ҳаррис.

Ҳаррис хонимнинг 2024 йилда 107 кун давом этган президентлик кампаниясига бағишланган хотиралар китоби 23 сентябр куни Simon & Schuster нашриётида чоп этилади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид