Технология | 23:15 / 10.09.2025
15173
2 дақиқада ўқилади

Neuralink миясига чип ўрнатилган 12 нафар бемор ҳақида хабар берди

Имплантлар 2 минг кундан ортиқ вақт давомида ишлатилган.

Фото: Neuralink

Илон Маскнинг Neuralink компанияси дунё бўйлаб аллақачон 12 киши унинг нейроимплантлардан фойдаланаётганини маълум қилди. Қурилмаларнинг умумий ишлаш вақти 2 минг кундан ва 15 минг соатдан ошган.

Neuralink имплантлари мия-компютер интерфейслари синфига киради. Улар мияга ўрнатилади ва беморларга фикр ёрдамида қурилмаларни бошқариш имконини беради. Биринчи оммавий фойдаланувчи бахтсиз ҳодисадан кейин фалаж бўлиб қолган Нолан Арбо эди. Чип туфайли у видео ўйинлар ўйнаш ва тилларни ўрганиш имкониятига эга бўлди.

Ҳозир компания АҚШдан ташқари бошқа мамлакатларда ҳам операцияларни амалга оширмоқда. Август ва сентябр ойларида Neuralink Канадада биринчи марта тўрт йиллик клиник тадқиқот доирасида жарроҳлик амалиётини ўтказди. Унинг мақсади шол бўлган беморлар техникани бошқариш учун чипдан фойдалана олиш-олмаслигини текширишдир.

Бундан ташқари, ёзда Neuralink Британия регуляторлари томонидан GB-PRIME деб номланган тестни ишга тушириш учун рухсат олди. Унда, шунингдек, ҳаракатланишида жиддий нуқсони бўлган одамлар ҳам иштирок этиб, технология рақамли қурилмалар билан ўзаро алоқада бўлишга қанчалик ёрдам беришини аниқлайди.

Neuralink узоқ муддатли истиқболда ўз операцияларини оммавий ва нисбатан арзон қилмоқчи эканини айтмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид