Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Асосий ставка 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди
Марказий банк бошқаруви 2025 йил 11 сентябрдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Фото: Kun.uz
Марказий банк маълумотига кўра, жорий йилнинг иккинчи чорагида иқтисодий фаоллик ва истеъмол талаби юқори суръатларда сақланиб, нархлар ошишига таъсир кўрсатишда давом этмоқда. Шу билан бирга, ўтган йилги “база эффекти” чиқиб кетиши ҳисобига август ойидан инфляция пасайиш тенденцияси қайд этилган.
Инфляция кўрсаткичлари
• Августда йиллик умумий инфляция 8,8 фоизни ташкил этди;
• Базавий инфляция 7,6 фоизгача пасайди;
• Хизматлар соҳасида эса энергия нархлари ошишининг иккиламчи таъсирлари юқори босимни сақлаб қолмоқда.
Сўнгги ойларда мавсумий омиллар ва алмашув курсининг барқарорлашуви ҳисобига аҳоли ва тадбиркорлар инфляцион кутилмаларида пасайиш кузатилган бўлса-да, улар ҳануз умумий инфляция даражасидан юқорироқ.
Иқтисодий ўсиш
2025 йилнинг биринчи ярмида иқтисодиёт ўсиши 7,2 фоизгача тезлашди. Бунда хизматлар соҳаси етакчи бўлган, шунингдек, саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалигида ҳам сезиларли ўсиш кузатилган.
Ялпи талабни кучайтирувчи асосий омиллар сифатида:
• трансчегаравий пул ўтказмаларининг ўсиши,
• кредитлаш суръатларининг жадаллашуви,
• бюджет харажатлари ва инвестицион фаоллик кўрсатилди.
Ташқи хавф омиллари
Марказий банк халқаро савдодаги чекловлар, глобал озиқ-овқат нархларининг ўсиши ва асосий савдо ҳамкор давлатларда инфляциянинг юқори даражада сақланиб қолишини импорт инфляциясининг кучайиши мумкин бўлган омиллар сифатида қайд этди.
Жорий йил якунида инфляция 8,7 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.
Марказий банкка кўра, асосий ставкани ўзгаришсиз сақлаш қарори иқтисодиётда жамғариш жозибадорлигини қўллаб-қувватлаш, кредитлаш суръатларини мақбуллаштириш ва ялпи талабни мувозанатлаштириш орқали нархлар барқарорлигини таъминлашга қаратилган.
Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиш 2025-йил 23-октябр куни бўлиб ўтади.
МБ бошқаруви охирги марта жорий йилнинг июн ойида асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш юзасидан қарор қабул қилганди.
Мавзуга оид
13:43 / 30.10.2025
АҚШ ФЗТ асосий ставкани кетма-кет иккинчи марта пасайтирди
11:04 / 24.10.2025
Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
10:01 / 28.07.2025
Россия Марказий банки кетма-кет иккинчи марта асосий ставкани пасайтирди
13:17 / 12.06.2025