Таълим | 15:00 / 11.09.2025
2940
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Покистон университетлари филиаллари очилиши мумкин 

Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Саҳивал саноатчилари уюшмаси раиси Муҳаммад Кашиф Риаз бошчилигидаги делегациянинг мамлакатга бизнес-миссияси ташкил этилди.

Фото: "Дунё" АА

Сафар давомида меҳмонлар Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари, шунингдек, мамлакатдаги туризм компаниялари вакиллари билан учрашув ва музокаралар ўтказди.

Учрашувларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, уруғчилик, қўшма инвестиция лойиҳалари амалга ошириш, таълим жараёнига илғор методларни жорий этиш ва қўшма факултетлар ташкил этиш, биргаликда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, туризм, жумладан зиёрат туризмини ривожлантириш каби йўналишларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида делегация вакиллари Abduazim Agro фермер хўжалиги ҳамда Agrokontinent компанияси фаолияти билан танишиб, келгусида тажриба тариқасида ҳамкорликда Ўзбекистонда полиз экинлари, жумладан картошка етиштириш бўйича лойиҳа амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида ўтказилган музокараларда Покистон университетлари филиалларини очиш ва замонавий методикаларни таълим жараёнига татбиқ этиш масалалари кўриб чиқилди.

Инвестициялар соҳасида меҳмонларга бизнес юритиш учун яратилган шароитлар ва устунликлар, инвесторларга бериладиган имкониятлар, агентлик фаолиятининг асосий йўналишлари тўғрисида тақдимот ўтказилди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида эса биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқаришга оид таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, делегация аъзолари Tashkent Pharma Park ва у ерда инвесторлар учун яратилган имкониятлар билан таништирилди.

Ҳудудий ташрифлар чоғида Самарқанд ва Бухоро вилоятларида икки мамлакат тадбиркорлари иштирокида G2B ва B2B мулоқотлар ташкил этилиб, қишлоқ хўжалиги, уруғчилик, тўқимачилик, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, туризм йўналишларида ҳамкорлик лойиҳалари юзасидан келишувга эришилди.

Туризм соҳасида эса Ўзбекистон ва Покистон ўртасида сайёҳлар оқимини ошириш, қўшма туристик маршрутларни ишлаб чиқиш бўйича фикр алмашилди. Икки томон туристик компаниялари ўртасида англашув меморандумларини имзолаш, қисқа фурсатларда амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид