Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
9/11. Дунёни ўзгартирган кун
11 сентябр деган сўзнинг ўзи дунёдаги миллионлаб одамлар шуурида даҳшат уйғотади. Янги асрнинг илк 11 сентябрида дунёни бир неча дақиқа хаос ўраб олганди. Ўша куни дунёда ҳамма ҳимоясиздек кўринганди. Машҳур сериалда айтилганидек, дунё 11 сентябр ва ундан кейинги даврга бўлинади. Бугун 2001 йил Ню Йоркда содир этилган теракт ҳақида гаплашамиз.
Ғоявий асос
11 сентябр ҳақида гапирганда одатда иккита самолёт бутунжаҳон савдо марказига урилгани ҳақида ҳикоя қилиш билан чекланишади. Келинг, бугун бу ишга қўл урганлар нега бундай қилгани, уларни қандай даъво бунга ундагани ҳақида ҳам гаплашсак. Шу учун 2001 йилдан эмас, бироз аввалроқдан бошлаймиз.
1970-йиллар, Жидда. Саудиялик миллиардер, қироллик оиласи билан жуда яқин бўлган оила вакили Муҳаммад ибн Аваданинг хотиржам, одобли, доим ўйлаб гапирадиган ўғли дўстлари билан телевизор кўриб ўтирарди. Йигит Исроил Фаластин ерларини босиб олгани ва у ердаги миллатдошларига ёрдам бера олмаётганидан эзилиб юрган ўша пайтида телевизорда исроиллик полициячилар Фаластинда ҳимоясиз аёллар ва болаларни ураётганини кўриб қолади. Йигит додлаб йиғлаб юборади ва дўстларига қараб шундай дейди: биз ҳали қасос оламиз.
Бу камгап йигитнинг қасоси қанчалик даҳшатли бўлишини ҳеч ким тасаввур қила олмасди. Йигитнинг исми Усама эди. Унинг отаси қироллик оиласидан бўлмаган энг бой саудиялик эди. Муҳаммад ибн Лодин вафотига қадар Қуддусдаги Ақсо масжиди таъмири билан шахсан шуғулланиб келган. 1967 йил авиаҳалокатда ўлган миллиардернинг барча бойлиги ўғли Усама бин Лодинга қолади.
Йигит отасидан жуда катта пул мерос қолган бўлса-да, ҳашаматга, дабдабали ҳаётга қизиқмайди. 21 ёш вақтида университетдаги ўқишини ташлаб, совет қўшинларига қарши курашаётган мужоҳидларга ёрдам бериш учун аввал Покистонга, кейин Афғонистонга йўл олади. Ва ўша ерда глобал жиҳод ғояси асосида ўз тарафдорларини йиға бошлайди. Унга араб давлатларидан жуда катта пул оқиб боради.
Бин Лодин Афғонистонда мужоҳидлар учун йўллар, араб жангчилари учун ерости ҳарбий лагер қуради. Ва охир-оқибат “Ал Қоида” деб аталмиш террор ташкилотига асос солади. У шу қадар радикаллашиб кетадики, яқин тарафдорлари ҳам ёнидан кета бошлайди. Бироқ қасос ўтида ёнаётган Усамани ҳеч ким тўхтата олмасди. Ва бин Лодин 2001 йил 11 сентябр куни ўзи қасос деб атаган даҳшатли терактни амалга оширади.
Бу инсоният тарихидаги энг даҳшатли теракт эди. Шунчалик даҳшатлики, ҳар йили миллиардлаб доллар бюджетга эга бўладиган Америка ҳарбийлари-ю, махсус хизматлари терактни CNN кадридан томоша қилишади холос.
Теракт куни
2001 йил 11 сентябр тонгида Америка аэропортларида одатдагидай минглаб рейслар парвозга тайёрланаётганди. Ўша куни “Ал Қоида”нинг 19 нафар аъзоси ҳеч қандай муаммосиз самолётларга чипта сотиб олиб рўйхатдан ўтади. Улар тўрт гуруҳга бўлинган, ҳар бир гуруҳда биттадан Boeing самолётини бошқара оладиган жангари бор эди. Улар United Airlines авиакомпаниясининг иккита, American Airlines авиакомпаниясига тегишли иккита Boeing самолётларини эгаллаб олиб, уларни жонли бомбага айлантиришади.
Самолётлар бирин-кетин GPSʼни ўчириб, радарлардан ғойиб бўлади. Операторлар нима бўлганини тушунмай гаранг бўлишади. Шунда 11-рейс билан учган самолёт билан алоқада бўлиб турган оператор жиддий нимадир содир бўлган деб ўйлаб, тезда ҳарбийлардан қирувчи самолёт сўрайди. Ҳарбийлар бу шунчаки ҳарбий машғулотнинг бир қисми деб ўйлашади, чунки ўшанда чиндан ҳаво мудофааси бўйича ҳарбий машғулот давом этаётганди.
Бироқ вазият жиддий эди. Аста-секин 11, 175, 77 ва 93-рейс билан учаётган самолётлар йўналиш траекториясини ўзгартира бошлайди. Лекин Америка махсус кучлари шунда ҳам ҳеч қандай ҳаракатни бошламайди. Фуқаро авиациясидаги оддий операторлар инсоният тарихидаги энг даҳшатли теракт остонасида душман билан майдонда яккама-якка қолиб кетишади.
Ҳарбийлар 11-рейсдаги Boeingʼни қидириш учун биринчи F-15 қирувчи самолётларини осмонга кўтарганда кеч бўлганди. N334АА борт рақамли Boeing 767 самолёти Ню Йоркдаги жаҳон савдо маркази шимолий биносига бориб урилади. Бу воқеа эрталаб соат 08:46 да содир бўлади.
Биласизми, бутун бошли йўловчи самолёти ичидаги одамлари билан Америкадаги энг баланд бинога бориб урилганидан кейин ҳам Америка махсус хизматлари вазиятни қўлга ололмайди, осмон хавфсизлиги таъминланмайди. Кўпчилик бинога самолёт урилганини сезмай ҳам қолади. Тезда йирик телеканаллар камераларини жаҳон савдо маркази биносига қаратиб, жонли эфирни бошлаб юборади.
Биринчи самолёт урилганидан 17 дақиқа ўтиб бинога иккинчи самолёт урилади. Маҳаллий вақт билан тонг соат 09:03 да United Airlines авиакомпаниясига тегишли Boeing энди эгизак биноларнинг жанубийсига бориб урилади. Шунда америкаликлар ҳаммасини тушуниб етади: бу теракт, дунёдаги энг қудратли давлатга ҳужум қилишди.
Иккинчи портлашдан кейин бутун Америка даҳшатга тушади. Одамлар қўрқувдан қалтираб, телевизорни кузатишади. Бу вақтда террорчилар эгаллаб олган яна бир Boeing Виржинияга қараб учаётганди. Соат 9 дан 37 дақиқа ўтганда самолёт АҚШ Мудофаа вазирлиги Пентагон биносига бориб урилади. Америка шунчалик ҳимоясиз ҳолатда эдики, ўшанда кейинги самолётлар МРБ ёки Оқ уй биноларига урилиши ҳам ҳеч гап эмасди. Ҳеч ким ҳатто нечта самолёт эгаллаб олинганини ҳам билмасди.
Тонгги 10:03 да бин Лодиннинг террорчилари эгаллаб олган яна бир учоқ Пенсилвания жанубидаги очиқ майдонга қулайди. Қора қутидаги ёзувлардан маълум бўладики, самолёт бортидаги экипаж аъзолари ва йўловчилар қаҳрамонларча курашиб, террорчилардан самолёт назоратини қайтаришга уринади. Натижада самолёт уйлар ёки бирор бино устига эмас, далага қулайди. Бу самолётдаги террорчилар Капитолийни нишонга олганди.
2977 қурбон
Тўрт самолёт ичида бўлган ҳамма табиийки, ўлади. Хусусан, 19 нафар худкуш террорчи ҳам. Тўрт теракт оқибатида умумий ҳисобда 2977 киши ўлади. Энг кўп 2606 киши жаҳон савдо маркази биносида, 246 киши самолётлар ичидагилар. Шунингдек, Пентагон биносида 125 киши ўлади. Қурбонлар 92 давлат фуқаролари бўлган. Қидирув комиссияси фақат 1600 жасаднинг шахсини аниқлай олади. Қолган қурбонлар танаси парчаланиб кетади. Жаҳон савдо маркази атрофида 10 минг одам парчалари топилади.
Оқибат
Теракт бутун дунёдаги сиёсий мувозанатнинг оёғини осмондан қилади. Америка “Ал Қоида”га қарши кураш иддаоси билан Афғонистонга бостириб киради. Шу билан 2020 йил Жо Байден президент бўлгунига қадар Америка қўшинлари Афғонистонда бўлиб “Толибон” ва “Ал Қоида”га қарши курашади. Айнан шу терактдан кейин Америкада, Ғарбда исломофобия, мусулмонларга ёвқараш авж олади. АҚШ Яқин Шарқда ўз таъсирини оширишга киришиб, ҳаддан ташқари агрессив операциялар амалга оширади. Ироқда уруш бошлайди. Тўғри, бу Саддамга қарши уруш дейилади, лекин аслида барчасига туртки бўлган воқеа айнан 11 сентябр терактлари эди.
Конспирология
Терактдан кейин бутун дунёда у ҳақда афсоналар, конспирологиялар тарқалади: «Американинг ўзи қилган», «Исроил қилган», қабилида. Энг кўп тарқалган конспирологияга кўра, Америка бу терактни гўёки мусулмон оламига ҳужум қилиш учун уюштирган экан. Лекин бу фитна назарияларининг барчаси теракт марказидаги шахс – Усома бин Лодинни чеккага чиқаришдан бошқа нарса эмас.
Менинг шахсий фикримча, 2001 йил 11 сентябр куни шунчаки жиддалик Усома бин Лодин бутун бошли Америка махсус хизматлари, қудратли Америка армияси, қудратли марказий разведка бошқармаси ва умуман бутун Америка Қўшма Штатларидан кучлилик қилади. Кейин нима бўлгани бошқа масала, лекин айнан ўша куни, ўша эпизодда бин Лодин дунёдаги ҳамма нарсага қодирмиз деб катта кетиб юрадиган амриқоликлардан кучлилик қилади.
Ахир Америка махсус хизматлари ўшангача террорчи деганда чопон дўппида юрадиган, чекиб олиб, такбир айтиб граната отадиган ёки ошиб борса, белига бомба боғлаб ўзини портлатиб юборадиган соч-соқоли тартибсиз мусулмон одамни тушунишган. Басавлат, европача кийинган, қўлида спорт сумкаси билан самолёт бизнес-классига чипта олган араб уларнинг наздида самолёт учун ҳеч қандай хавф туғдирмаган.
Бин Лодин бу йигитларни бутун бошли самолётни бошқаришга ўргатгани, улар биргина канцелярия пичоғи билан бутун бошли экипаж аъзоларини ўлдириб, самолётни эгаллаши, кейин GPSʼни ўчириб, Пентагонга қараб бехато учиши уларнинг тушига ҳам кирмаган. Ва мана шу хаёлда, биз дунёдаги энг зўр давлатмиз, деган ғурур билан Усома бин Лодинга мағлуб бўлишган.
Бу теракт бутун дунёда самолётга чиқишдаги назорат кучайтирилишига сабаб бўлди. Одамлар энди ҳамма ери текшириб учоққа чиқарилмоқда, ҳатто тирноқ оладиган қайчичани ҳам бортга олиб чиқолмайсиз. Самолётларга махсус тайёргарликдан ўтган эркак борт кузатувчилар ишга олина бошланди. Ҳозиргача Америка самолётларига чиқсангиз, электрон ускуналарни ёқиб кўрсатишни талаб қилишади. Хуллас, теракт фуқаро авиациясидаги тартибни ҳам ўзгартириб юборди.
Сабаб
Сўзимиз охирида теракт сабабларига тўхталсак. Биринчи сабаб табиийки, Америка махсус хизматлари, ички ва ташқи разведкасининг масъулиятсизлиги. Биласизми, терактни содир этган 19 кишидан уч нафари охирги бир неча ой давомида МРБ томонидан таъқиб қилинган, уларнинг бин Лодин билан алоқадор экани аниқ бўлган. Шундай бўлса-да, улар самолётга бемалол чиқиб уни Ню Йоркда портлатишган.
Ва кўпчилик эътибор бермаган яна бир сабаб бор, бу ҳақда америкалик махсус экспертлар ҳам гапирган. Бу Американинг Яқин Шарқдаги ҳаракатлари. Вашингтон бу минтақада беписандларча давлатларнинг ишига аралашиши, Исроил Фаластин ерларини босиб олишига тинимсиз ёрдам бериши, бу борада ҳеч ким билан ҳисоблашмаслиги мусулмон оламида АҚШга нисбатан нафратни ошириб юборади. Бўлмаса, ёш-ёш 19 йигит ўзи ҳам ўлиб кетишини билиб, нега бундай ишга қўл урсин? Уларни совуққонлик билан 3 минг кишини ўлдиришга шунчаки шаҳид бўласан деган қуруқ гап билан ишонтириб бўлмайди. Бин Лодин уларни аниқ даъво марказида бирлаштирганди.
Ҳа, азизлар, 11 сентябр воқеалари инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қўрқинчли теракт бўлиб тарихга киради. Бу воқеани ҳеч қачон унутмаслик, унинг сабабларини ўрганишдан тўхтамаслик керак. Чунки бу чиндан дунёни ўзгартирган воқеа бўлганди. Омон бўлинг.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.