Ўзбекистон | 07:38 / 13.09.2025
6412
2 дақиқада ўқилади

Андижонда судя катта ёрдамчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Андижон судя катта ёрдамчиси, Жиззахда адвокат қўлга олинди.

Фото: Видеодан кадр

Андижон вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судясининг катта ёрдамчиси Андижон шаҳрида яшовчи аёлнинг номидан Андижон туманлараро ФИБ судига даъво аризаси киритиб, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали аёлнинг собиқ турмуш ўртоғига тегишли мол-мулкларнинг бир қисмини унинг фойдасига ҳал қилиш ҳақида қарор чиқартириб бериш эвазига 500 АҚШ доллари талаб қилган.

Судя катта ёрдамчиси ҳозирга қадар сўралган пул маблағидан 200 АҚШ доллари олган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида Андижон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, у қолган 300 АҚШ долларига тенг ҳисоблаб, 3 млн 800 минг сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда судя катта ёрдамчисига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланди.

Бу каби қонунбузилиш Жиззах шаҳрида ҳам қайд этилиб, унда маҳаллий адвокатлик ҳайъати адвокати ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, Мирзачўл туманида яшовчи фуқаро билан ўзаро тил бириктириб, Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги манзил колонияда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган маҳкумни Жиззах вилоят суд тизимидаги танишлари орқали оқлов ҳукми асосида муддатидан олдин озодликка чиқариб бериш эвазига 6 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура органлари ходимлари ҳамкорлигида Жиззах шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, улар сўралган пул маблағини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид