Жаҳон | 14:12 / 13.09.2025
2925
2 дақиқада ўқилади

АҚШ G7'ни Россияга нисбатан тариф босимига қўшилишга чақирди

Вашингтон ва унинг G7'даги ҳамкорлари Украинага қарши урушни тугатиш учун Россияга босимни кучайтириш вариантларини муҳокама қилмоқда.

Фото: Elizabeth Frantz/REUTERS

Агар АҚШ ҳамкорлари ҳақиқатан ҳам Украинадаги урушни тўхтатиш ниятида бўлса, улар Вашингтонга қўшилиб, Россиядан нефт сотиб олувчи давлатларга божлар жорий қилиши керак. АҚШ молия вазири Скотт Бессент 12 сентябр, жума куни G7 молия вазирлари билан телефон суҳбати чоғида президент Доналд Трампнинг шундай чақириғини такрорлади.

Бессент ва АҚШнинг савдо музокараларидаги вакили Жеймисон Грир санкциялар босимини кучайтириш ва Украина мудофаасини янада кучайтириш учун музлатилган Россия суверен активларидан фойдаланишни ўрганиб чиқиш имкониятини ҳам олқишлади.

«Фақат Путиннинг уруш машинасини молиялаштириш манбаларини тўхтатиш учун биргаликда ҳаракат қилиш орқали биз бемаъни қотилликни тугатишга етарли даражада иқтисодий босим ўтказишимиз мумкин», дея Бессент ва Грирнинг сўзларидан иқтибос келтирган АҚШ Молия вазирлиги.

Қўшма Штатлар Россия нефти харидорларига қарши қатъий чоралар қабул қилди, дейди улар. Вашингтон ўзининг G7'даги ҳамкорларидан «ушбу муҳим пайтда қатъий чоралар кўришда» унга қўшилишини кутмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид