Жаҳон | 14:47 / 13.09.2025
2473
1 дақиқада ўқилади

Гуржистонда икки россиялик фаол 8,5 йилга қамалди

Тбилиси суди россиялик Анастасия Зиновкина ва Артем Грибулни гиёҳванд моддалар сақлаганликда айблаб, 8,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Жуфтлик таъқибни сиёсий деб ҳисоблаяпти.

Фото: AP

Тбилиси шаҳар суди судяси Нино Галусташвили икки нафар Россия фуқароси Анастасия Зиновкина ва Артем Грибулни 8,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда 12 сентябр, жума куни Тбилисида жойлашган Paper Kartuli Telegram канали ва NewsGeorgia интернет нашри хабар берди.

Жуфтлик ўта катта миқдорда гиёҳванд моддаларни сақлашда айбланган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, россияликлардан 16 грамм синтетик α-PVP препарати олиб қўйилган.

Айни пайтда маҳкумларнинг ўзи гиёҳванд моддалар 2024 йилдаги ҳукуматга қарши намойишларда қатнашгани учун жазоламоқчи бўлган полиция ходимлари томонидан ташлаб қўйилганини даъво қилмоқда. Улар 2024 йил 17 декабрда қўлга олинган.

«Улар мени фарзанд туғиш ва янги инсонга ҳаёт бериш имкониятидан маҳрум қилди. Мен Гуржистондаги инқилоб менинг фарзандимга айланишини истайман», — деди Зиновкина суддаги сўнгги сўзида.

 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид