Жамият | 10:20 / 13.09.2025
7863
5 дақиқада ўқилади

Жамиятнинг сукунати ошкора қотилликдир

Бутун шаҳар қотиллик бўлиши ҳақида олдиндан биларди, аммо ҳеч ким оғиз очмади. “Нега мен, бошқаларчи?” деб ҳамма масалани ўзидан узоқлаштирди. Айби бор-йўқлиги номаълум йигит омма олдида "самосуд" қилинди - қатл этилди. Лоқайдликка ботган жамиятда жиноят яширин эмас, ошкора содир бўлди ва барча гувоҳга айланди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ёзган асарининг бошидаёқ якунида нима бўлишини айтган адиблар бор. Масалан, жаноб Маркес. У доим шунақа қилади — “Ёлғизликнинг юз йили” дейсизми, “Бузрукнинг кузи” дейсизми — ҳаммаси шундай услубда. Бироқ Маркесга эътироз қила олмайсиз. Унда ҳуқуқ бор: чунки у ёзганини барибир якунигача ўқиб чиқишга китобхонни мажбур қилади.

Бугун “5 дақиқа”да Габриэл Гарсиа Маркеснинг “Ошкора қотиллик қиссаси” ҳақида гаплашамиз.

Габриэл Гарсиа Маркес – “Ошкора қотиллик қиссаси”

Маркес ХХ асрнинг энг машҳур ёзувчиларидан бири, Нобел мукофоти соҳиби. Халқаро даражада адабиётнинг юксак чўққисига чиқа олган ноёб адиблардан бири. Асарлари 40 дан зиёд тилга таржима қилинган, миллионлаб нусхада тарқалган.

“Ошкора қотиллик қиссаси” 1981 йилда нашр этилган. Ушбу асарнинг барча воқеалари бир одамнинг қатл жараёни атрофида кечади. Бироқ услуб шундайки, китобни ўқиган ҳар бир киши “бу фожиа бошқача тугаши мумкин эди” деган савол билан қолаверади.

Лоқайдлик – энг катта фожиа

Қиссада Сантяго Насар исмли йигит қатл этилади. Воқеа “ошкора” эди – бутун шаҳар била туриб ҳам бу жиноятнинг олди олинмади. Ака-ука Педро ва Пабло ўз сингиллари Анжеланинг шарафини тиклаш учун Сантягога қасд қилишади. Улар ниятларини яширишмайди, ҳатто одамларга очиқ-ойдин айтиб юришади. Лекин барчада “мен эмас, бошқалар тўхтатиб қолар” деган фикр бор эди.

Мана шу пассивлик ва бефарқлик бутун китобнинг марказий саволини кўтаради: жамият қай даражада жавобгар?

Сантяго Насар – айбдорми ёки қурбонми?

Асарнинг энг оғир ва баҳсли нуқтаси – Сантягога қўйилган айб. У ҳақиқатан ҳам Анжела Викарионинг номусига текканми? Қиз акаларининг босими остида “Сантяго Насар” деган исмни тилга олади. У рост айтдими ёки ўзи учун “қутқарувчи исм” топдими, бу ноаниқ.

Асарда Сантягонинг айбига оид ҳеч қандай аниқ далил келтирилмайди. Суд жараёнида ҳам гувоҳлар гапи бир-бирига зид. Баъзилар унинг умуман бундай ишга қодир эмаслигини айтади.

Маркес ҳам бу саволга жавоб бермайди. Чунки у учун муҳим бўлган нарса – ҳақиқат эмас, балки жамият қандай қилиб “ҳақиқатсиз” ҳам инсон тақдирини ҳал қилиб қўйиши мумкинлигида.

Нега мен, бошқалар-чи?!

Асардаги энг катта фожиа – қатлнинг олди олиниши мумкинлигида. Қаҳрамонларнинг кўпчилиги ўша куни Сантягога хабар бермоқчи бўлишади. Аммо турли сабаблар билан йигитни огоҳлантиришмайди. Кимдир “бу ҳазил” деб ўйлайди, яна кимдир “хабарни бошқалар айтар” деб ишонади.

Шу йўсинда, ҳамма била туриб ҳам, ҳеч ким масъулиятни зиммасига олмайди. Маркес шу орқали жамиятдаги умумий лоқайдликка ишора қилади. Сантягога урилган пичоқ икки кишининг қўлида эмас, бутун шаҳарнинг қўлида эди, демоқчи бўлади.

Хулоса

“Ошкора қотиллик қиссаси” бу – оддий бир қотиллик ҳақидаги ҳикоя эмас. У инсон ҳаётининг қадри, жамиятнинг масъулияти ва ахлоқий тушунчаларнинг қиммати ҳақида адоқсиз саволлар берадиган асардир.

Бу қисса бизга шуни эслатади: инсон ҳаётидан устун ҳеч нарса йўқ. Агар биз “мен айтмасам ҳам бўлади” десак, бир кун келиб кеч бўлади.

Аслида бундай ҳолатларга тез-тез гувоҳ бўлиб турибмиз. Фарзандининг жонига қасд қилаётган ота-оналар, калтакланаётган ожиз инсонлар ва яна шунга ўхшаш кўплаб воқеалар. Йиртқич айиқдан омон қолиб, онасининг қўлида қурбон бўлган қизалоқ ҳам назаримда, ошкора қотиллик қиссаси. Демак, бу асар биз ҳақимизда.

Маркеснинг “Ошкора қотиллик қиссаси” ўқимасангиз бўлмайдиган китоблар сирасига киради. Бу китоб ишонаман, сизга жуда кўп нарсалар ҳақида гапиради.

Ушбу китобни қуйидаги ҳавола орқали юклаб олиб, тўлиқ аудио шаклда эшитишингиз мумкин.

Исомиддин Пўлатов.

Тайёрлаган:  Исомиддин Пулатов

Мавзуга оид