Иқтисодиёт | 18:24 / 15.09.2025
4517
2 дақиқада ўқилади

Хитой иқтисодиёти секинлашмоқда – нега?

Хитойда август ойи бўйича эълон қилинган иқтисодий кўрсаткичлар мамлакат иқтисодиётида секинлашув давом этаётганини кўрсатди. Саноат ишлаб чиқариш, чакана савдо ва инвестициялар кутилган даражада ўсиш қайд этмаган, уй-жой нархлари эса пасайишда давом этмоқда. Хитойда 2024 йил ўрталаридан бошлаб ички талабнинг сустлиги ва кўчмас мулкдаги инқироз сабаб иқтисодиёт аста-секин пасайиш босқичига ўтди.

Фото: REUTERS

Хитой Миллий статистика бюроси хабарига кўра, август ойида саноат ишлаб чиқариши йиллик ҳисобда 5,2 фоизга ўсган. Бу рақам ўтган ойга нисбатан юқорироқ бўлса-да, иқтисодий фаолликнинг тўлиқ тикланаётганидан далолат бермайди. Чакана савдо ҳажми 3,4 фоиз ўсди, бироқ бу ҳам аналитикларнинг прогнозларидан пастроқ натижа бўлди. Январ–август ойларида асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар атиги 0,5 фоизга ошди, кўчмас мулк инвестициялари эса кескин — 12,9 фоизга камайгани қайд этилди.

Хитой иқтисодиёти секинлашуви охирги икки йилдан бери кузатилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2023 йилда пандемиядан кейинги қисқа муддатли тикланишдан сўнг, 2024 йил ўрталаридан бошлаб ички талабнинг сустлиги ва кўчмас мулкдаги инқироз сабаб иқтисодиёт аста-секин пасайиш босқичига ўтди. 2025 йилнинг биринчи ярмидан бошлаб эса бу тенденция янада яққолроқ кўрина бошлади: ишлаб чиқариш ҳажми секинлашди, истеъмолчилар харажатлари эса деярли ўсишсиз қолди.

Ишсизлик даражаси август ойида 5,3 фоиз атрофида бўлди. Нархлар бўйича маълумотлар эса дефляция хавфи ҳануз сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда: истеъмол нархлари индекси йиллик ҳисобда 0,4 фоизга пасайган, ишлаб чиқариш нархлари индекси эса 2,9 фоизга камайди.

Уй-жой бозори ҳам Хитой иқтисодиётининг энг заиф нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда. Reuters’нинг ёзишича, август ойида янги уй нархлари ойма-ой 0,3 фоизга, йиллик ҳисобда эса 2,5 фоизга тушган. 70 та йирик шаҳар орасида 57 тасида пасайиш кузатилган. Таҳлилчиларнинг фикрича, кўчмас мулк соҳасидаги муаммолар мамлакат иқтисодиётини узоқ муддатли ўсишдан тўхтатиб қўйиши мумкин.

Жаҳон банкининг Жаҳон иқтисодиёти истиқболлари ҳисоботи сўнгги нашрига кўра, савдодаги кескинлик кучайиши ва иқтисодий сиёсатнинг ноаниқлиги жорий йилда жаҳон иқтисодиёт ўсиш суръатларининг, тўлиқ глобал рецессия даврларини ҳисобга олмаганда, 2008 йилдан бери энг паст даражагача секинлашишига олиб келиши мумкин.

Тайёрлаган:  Мадина Очилова

Мавзуга оид