Жаҳон | 23:00 / 16.09.2025
16638
5 дақиқада ўқилади

Ғазо босиб олинмоқда: Исроил ким билан урушяпти ўзи?

Исроил армияси Фаластиннинг Ғазо шаҳрини тўлиқ босиб олишга киришди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва ЦАҲАЛ баёнот берди. Бу гал Ғазони босиб олиш режаси ҳақида қоғозга ўраб ҳам ўтирмай гапиришди, Америка билан маслаҳат ҳам қилишмади. Шунчаки «Биз Ғазони эгаллашни бошладик», деб эълон қилишди қўйишди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Нетаняҳу устидан суд

Исроил бош вазири Ғазода янги амалиёт бошлангани ҳақида суд эшитуви давомида айтган. «Биз Ғазода янги интенсив операция бошладик», деган Нетаняҳу коррупция иши бўйича суд эшитувида. Ва уни кўрсатма бериш мажбуриятидан озод қилишларини сўраган.

Исроил мудофаа армияси ЦАҲАЛ эса янги операцияни «ҲАМАСнинг Ғазодаги инфратузилмасини йўқ қилишга қаратилган амалиёт» деб атади. Амалда бу Ғазони босиб олиш операциясининг бошланишидир. Бу ҳақда бир қатор нашрлар ёзиб чиқди. Исроилда Ғазони босиб олиш кераклиги ҳақида очиқ гапиришмоқда.

Судга сўроқ бериш учун чақирилган Нетаняҳу кўрсатма бериш ўрнига «жуда муҳим иш бошлангани», бу Ғазони эгаллаб олиш доирасидаги амалиёт эканини айтиб, уни безовда қилмасликларини сўраган. Нетаняҳунинг айтишича, у суддан атай ёпиқ мажлис ўтказишни сўрамаган, чунки Исроил гўёки қийин паллада қолганини одамларга айтиши керак бўлган.

Яна танклар билан

Исроил Ғазони босиб олиш учун бошлаган бу галги операциясида яна танклардан фойдаланмоқда. Исроилда буни шунчаки ҳарбий амалиёт дейишяпти, лекин танклар ҳарбийларга овқат ва сув ташиб бериш учун олиб кирилмагани аниқ. Танк кирдими, демак Исроил Ғазодаги қолган қутган бутун биноларни ҳам йўқ қилмоқчи. Аввалроқ Исроил шаҳардаги омон қолган баланд биноларни ўққа тутган, сабаб сифатида гўёки ҲАМАС улардан разведка маълумотлари тўплаш учун фойдаланаётганини билдирганди.

Суддан қочиш учун уруш?

Эсингизда бўлса, ҲАМАС Исроилга ҳужум қилган ва кейин уруш бошланган вақтда Бинямин Нетаняҳу устидан иш очилган, одамлар унинг ислоҳотларидан норози бўлиб намойишга чиққанди. Сал қосла Биби қамалиб кетиши ҳам мумкин эди. Уруш уни қамоқдан қутқариб қолди, уч йилдан бери бемалол урушмоқда, биров унинг «пишагини пишт дегани йўқ».

Уруш чўзилган сари исроилликларда Нетаняҳуга нисбатан норозилик кучайди, унга нисбатан айбловлар илгари сурила бошланди. Ва мана, жаноб бош вазир коррупция иши бўйича эшитувга чақирилганда, судяга кўрсатма бераётиб янги уруш ҳақида эълон қилди!

Бу замонавий подшоҳлар учун уруш тахтда қолишнинг энг қулай йўли бўлиб бораётганини навбатдаги марта исботлайди. Нетаняҳунинг Европада бир дўсти бор, улар жуда қалин, ҳар замонда телефонда гаплашиб туришади. Балки Нетаняҳу «тахтда қолиш учун урушиш керак» деган формулани ўша дўстидан ўргангандир...

ҲАМАС қолдими ўзи?

Шу ўринда ўринли савол пайдо бўлади: Исроил «ҲАМАСга қарши янги операция бошладик», деб айтмоқда. Лекин! ҲАМАС қолдими ўзи, жаноблар? Ҳаракат каналида чиқиб баёнотларни ўқиб берадиган Абу Убайда ўлди, қарор қабул қилувчи Яҳё Синвар ўлди, халқаро алоқаларни бошқарган Исмоил Хания ўлди, Ғазо тунеллари асосчиси Муҳаммад Дейф ўлди. Кимга қарши урушяпсиз ўзи? Қанақа инфратузилма ҳақида гапиряпсиз? Сиз ўқ отаётган жойларда юз минглаб тинч аҳоли яшайди, у ерларга ўқ отиш тугул машинани тез ҳайдаш мумкин эмас, ҳар қадамда одам «қайнаб чиқади».

Исроил «ҲАМАСга қарши уруш» деган сўзнинг маъносини тушунтириб бериши керак. Улар афтидан Ғазода кунда-кунора Исроил ҳарбийлари ўлаётганини уруш деб атамоқда. Лекин бир йигитнинг ватанига бостириб кирсанг, у сени ўлдириши учун ҲАМАСчи бўлиши шарт эмас, яқинларини ҳимоя қилиш учун кетмон билан ҳам босқинчини уриб ўлдираверади. Сиз бунинг номини уруш деяпсизми?

ҲАМАС асосчиларидан бўлмиш Яҳё Синвар айтганидай ҲАМАС Исроил армияси тасаввур қилганидай сон-саноғи аниқ, бўлинмалари бор, рўйхати бор, ҳисобчиси бор, маош оладиган армия эмас. ҲАМАС бу – ғоя, шунчаки қаршилик ғояси. Уни йўқотиш учун кунига юзлаб тинч аҳолини ўлдириш керак эмас, музокара столига ўтириб, ҳаммаси қаердан бошланганини таҳлил қилиш керак. Ҳаммаси эса аввали 1947 йилдан, кейин 1967 йилдан бошланганди. Исроил ўша хатоларини тан олмаса, бу уруш тугамайди.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид