Ўзбекистон | 19:49 / 16.09.2025
8944
5 дақиқада ўқилади

Президент Норинда аҳоли билан суҳбатлашди

Президент «оғир» маҳалла аҳолиси билан мулоқот қилиб, муаммоларни ҳал қилиш ва намунали шароитлар яратишга топшириқ берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи чоғида Норин туманидаги Шўрариқ маҳалласига кирди.

Президент матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, маҳалланинг шароити оғир, ички йўллар таъмирталаб, кўча чироқлари ва лотоклар йўқ. Бу ерда 5 мингдан зиёд аҳоли яшайди. 62 та камбағал оила, 118 нафар ишсиз бор, 157 одам миграцияда.

Президент оғир аҳволдаги маҳалла биносини бориб кўрди ва у ерда мутасаддилар билан гаплашди.

«Биз мақтаниб Наманган чиройли, Наманган гуллар шаҳри деяпмиз, бу ер-чи? Бу ер қачон гуллар шаҳри бўлади?»  дея танқид қилди у объектни кўрсатиб.

Масъуллардан бири тегишли саволга жавобан ҳозирда вилоятдаги 54 маҳалладан 4 таси мана шундай оғир аҳволда эканини айтган.

Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовга топшириқ берди. «Бугун қарор қабул қиласан  туман ҳокими келиб мана шу ерда ётади. Бу ердаги одамлар одам эмасми?» деган давлат раҳбари.

Шўрариқ маҳалласи раиси президентга «маҳалла еттилиги» ташкил этилгани учун раҳмат айтди.

«Ойлик оляпсиз-ку, ё олмаяпсизми? Ҳаракатларингиз сизларни бошқача бўлади, одамга яқинлашасизлар. Халқ билан давлат орасида кўприк бўласизлар, деб ҳаракат қилганмиз. Бу ерда қанақа „еттилик“? Қани „еттилик“?»  савол берди давлат раҳбари.

Маҳалла раиси ҳудуд тез орада камбағалликдан холи ҳудудга айланишини ваъда берган.

«Биласизларми, бунақа жойларимиз бизга ярашмайди, баракамиз кетади. Ота-бобомизга ҳам, Наманганга ҳам, урф-одатимизга ҳам, ўзлигимизга ҳам ярашмайди бу жойлар»,  дея тушунтирди президент.

Шундан сўнг президент маҳалла аҳли билан учрашди ва уларнинг фикрларини тинглади.

«Бугун Наманганга келиб, одамларни рози қилиш, қадрини кўтариш, янги режаларни амалга оширишга келдик.

Сизнинг маҳаллангиз қавс ичида ривожланган бўлиб кетган экан. Маҳалла раисининг биносини кўрдим... Бугундан бошлаб маҳалла ўзгаради, маҳалланинг атрофи ўзгаради, номиниям ўзгартиряпмиз. Шўрариқ эмас, Янги Наманган маҳалласи бўлади...

Катта маблағ берилди, 10 миллиард сўм. Жуда катта лойиҳа бўлади, сизлар билан бамаслаҳат қилинади. Дам олишларинга, болалар ўқишига жой бўлади, тиббиёт ҳам ўзгаради, мактаб ҳам ўзгаради»,  деган президент.

Кўчалар обод қилиниб, қиёфаси янгиланиши, одамларнинг яшаши, сайр қилиб, болалари билан дам олиши учун муносиб шароитлар бўлиши айтилган.

Мутасаддиларга маҳаллани намунага айлантириш бўйича кўрсатма берилди. Жумладан, унга шаҳар муҳитини олиб кириш ва тадбиркорлик учун шароитларни яхшилаш бўйича мастер-режа ишлаб чиқилади. У асосида жойлар тайёр лойиҳа ва инфратузилма билан ташаббускорларга таклиф этилади. Натижада маҳалланинг салоҳияти ошиб, атрофдаги 5 та маҳалла учун марказга айланади.

Замонавий маҳалла гузари ва сайилгоҳ барпо этилади, болалар ва спорт майдончалари, кутубхона, касб ва тил ўргатиш маркази, банк шохобчаси ташкил қилинади. Мактаб ва боғчалар давлат инвестиция дастури доирасида капитал таъмирланади. Кўчалар асфалтланиб, манзарали ва мевали дарахтлар, гул кўчатлари экилади. Эскирган ва ҳосилдорлиги паст боғлар тўлиқ янгиланади. Ижтимоий шартнома асосида одамлар ўз уйларини тартибга келтиради.

 

 

Умуман, бутун мамлакатимизда қуйи тизимда ишларни “жонлантириш” бўйича қарор ишлаб чиқилаётгани айтилди. Туман ва маҳаллаларга янгича қиёфа олиб кириш учун бюджетдан жами 5 триллион сўм ажратилади. Жумладан, Наманганда Косонсой ва Норин туманларига 100 миллиард сўмдан, қолган туманларнинг иккитадан “оғир” маҳалласига эса 5 миллиард сўмдан йўналтирилиб, уларни меҳнатда намунали, ҳаёти фаровон, тадбиркорликда етакчи ҳудудга айлантириш чоралари кўрилади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид