Жаҳон | 19:06 / 16.09.2025
4772
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда келин ўғирлаганлик учун жазо кучайтирилди

Илгари «ўғри» ўз қурбонини ихтиёрий равишда қўйиб юборган бўлса, жазодан қутулиб қолиши мумкин эди. Энди айбдор шахс қизни озод қилган ёки қилмаганидан қатъи назар жиноий жавобгарликка тортилади.

Фото: Tengrinews

Қозоғистонда никоҳга мажбурлаганлик ва келин ўғирлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилди, деб хабар берди мамлакат Ички ишлар вазирлиги.

Масалан, илгари «ўғри» ўз қурбонини ўз ихтиёри билан қўйиб юборган бўлса, жазодан қутулиб қолиши мумкин эди. Энди бундай банд чиқариб ташланди, айбдор шахс қизни озод қилган ёки қилмаганидан қатъи назар жиноий жавобгарликка тортилади.

«Энди бу имконият истисно қилинди: жабрланувчи ихтиёрий равишда озод қилинган тақдирда ҳам айбдор шахс жавобгарликка тортилади», дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Қозоғистонда никоҳга мажбурлаш бўйича Жиноят кодексининг 125-1-моддаси киритилди. Оғирлаштирувчи ҳолатларда энг кўп жазо ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш бўлади.

«Агар бундай ҳаракат (никоҳга мажбурлаш) эҳтиётсизлик орқасида оғир оқибатларга олиб келса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилмоқда. Мажбурлаш зўравонлик билан, вояга етмаганларга нисбатан, гиёҳвандликдан фойдаланган ҳолда, бир гуруҳ шахслар томонидан ёки хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса, янада оғирроқ жазо назарда тутилади», деб аниқлик киритди ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари.

Никоҳга мажбурлаганлик учун жарима, ахлоқ тузатиш ишлари ёки жамоат ишлари, озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Жиноятнинг ҳолатига қараб, жаримадан тортиб икки йилгача озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазо назарда тутилади.

Қозоғистонда келин ўғирлаганлик учун жиноий жавобгарликни жорий этиш 2023 йилда таклиф қилинган эди. Шу вақтда омбудсман идораси Қозоғистонда ҳали ҳам қизларни ўғирлаш амалиёти мавжудлигини таъкидлаган эди. Бир қатор ҳолларда бу жинсий дахлсизликнинг бузилиши, таҳқирлаш, қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум қилиш ва ўз жонига қасд қилишга олиб келган.

Омбудсман сўзларига кўра, аёллар бундай жиноятлар ҳақида хабар бера олмагани, эркаклар эса бундай ҳаракатларнинг ноқонуний эканидан бехабарлиги вазиятни мураккаблаштирган.

Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда мажбурий никоҳ тузиш мақсадида аёлларни ўғирлаш учун жиноий жавобгарлик аллақачон жорий этилган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид