Спорт | 11:43 / 17.09.2025
13295
15 дақиқада ўқилади

«Реал»да оғир старт, Туринда яна триллер, «Қорабоғ»да сенсация. Кун ўйинлари

Европа Чемпионлар лигасининг янги мавсуми старт олди. Сешанба оқшомида биринчи тур доирасидаги асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

Фото: Mateo Villalba Sanchez/Getty Images

Мадридликларда яна бир қийин ғалаба

«Реал» – «Марсел» 2:1
Голлар:
Веа, 22 (0:1). Мбаппе, 29 - пеналти (1:1). Мбаппе, 81 - пеналти (2:1)
«Реал»: Куртуа, Эдер Милитау, Ҳаусен, Каррерас, Александр-Арнолд (Карваҳал, 5), Тшуамени, Арда Гулер (Раул Асенсио, 74), Валверде, Родриго (Диас, 63), Мастантуоно (Винисиус Жуниор, 63), Мбаппе
«Марсел»: Рули, Балерди, Медина, Эмерсон (Мурилио, 78), Павар (Иган-Райли, 87), Кондогбия (Вермерен, 66), Ҳейберг, О`Райли (Пайшан, 66), Веа (Гуири, 78), Гринвуд, Обамеянг
Огоҳлантиришлар: Тшуамени, 35. Эдер Милитау, 54. Каррерас, 90 – Павар, 46. Медина, 75
Четлатиш: Карваҳал, 72

Ўйиннинг бошланғич қисми «Реал»нинг тўлиқ устунлигида кечди. Французлар анчагача ҳимоядан чиқишда уч-тўрттадан ортиқ аниқ пас бера олишмади ва рақибнинг кучли прессинги остида тўп йўқотаверишди. Мбаппе иккита яққол вазиятдан фойдалана олмади — аввалига яқин масофадан туриб қайчи услубида йўллаган зарбаси дарвоза устуни ёнгинасидан ўтиб кетди, кейин эса Паварни алдаб ўтиб йўллаган зарбасини дарвозабон Рули қайтариб қолди. Яна бир ажойиб вазият Мастантуонода бўлди, аммо дарвоза устуни меҳмонлар жонига ора кирди. Бу воқеаларнинг барчаси дастлабки ўн дақиқа ичида бўлиб ўтди.

«Марсел» қарши ҳужумларда имкон пойлади ва ўзининг чопқир ҳужумчиларига умид қилди. Ва бу тактика ўзини оқлади. Барчаси кутилмаганда рўй берди: Гулер тўп йўқотди, Гринвуд уни эгаллаб олиб, олдинга юрди ҳамда жарима майдонига кириб келган Веани тўп билан таъминлади, америкалик ҳужумчи эса яқин масофадан йўллаган зарбаси билан Куртуага имкон қолдирмади.

Таблодаги 0:1 ҳисобига қарамай, мадридликларнинг устунлиги эртами кечми голга айланиши кундек равшан эди. Ва бу анча тез рўй берди. Ўтказилган голдан етти дақиқа ўтганида Родриго дриблингини ишга солиб, рақиб жарима майдонида Кондогбиани ўзига фол ишлатишга мажбур қилди, Мбаппе 11 метрдан қайтариб бўлмас зарба йўллади.

Биринчи бўлимда жамоалар биргаликда 26 зарба йўллашди, шундан 18 таси — «Реал» ҳисобида (дарвоза соҳасига тўғри борган 11 зарба). Тшуамени, Мбаппе ва Гулер навбати билан олис масофадан хавфли зарбалар йўллашди, лекин жамоалар танаффусга 1:1 ҳисобида йўл олишди. Бу биринчи навбатда Рулининг хизмати бўлди. Opta маълумотига кўра, аргентиналик посбон биринчи бўлим давомида ўнта (!) сейв амалга ошириб, турнирнинг бир бўлим давомидаги сейвлари бўйича рекорд ўрнатган.

Иккинчи 45-дақиқалик Мбаппенинг зарбаси тўсинга бориши билан бошланди, мухлислар «Реал»нинг кучли босими давом этишини кута бошлашди. Аммо бу алдамчи туйғу бўлиб чиқди. Аксинча, «Марсел» шундан сўнг ўзига келди ва тўпни ишонч билан назорат қила бошлади, мадридликларнинг ҳужумлари натижа беравермагач, ўйин суръати ҳам тушиб кетди.

Алонсо ўзгаришлар қилишига тўғри келди — қанотларни жонлантириш учун Диас ва Винисиус майдонга туширилди. Аммо шундай кутилмаган воқеа рўй берди: ўйиннинг 5-дақиқасидаёқ жароҳат олган Александр-Арнолд ўрнига тушган тажрибали Дани Карваҳал асабларини жиловлай олмади ва қаршисида қизил карточкани кўрди. ЕЧЛнинг олти карра ғолиби саналган ушбу футболчи Рулининг провокациясига учиб, жамоасини озчиликда қолдириб кетди.

Аммо «Реал» ўн киши ҳолатида ўйинни кучайтира олди. Винисиус ташаббусни қўлга олиб, дриблингни ишга солди, ҳимоячи Медина подкатда эҳтиётсизлик қилиб, тўпни қўли билан ўйнади. Ўйиннинг бош ҳаками Ирфан Пелто яна бир пеналти белгилади ва Мбаппе бу сафар ҳам зарбада адашмади.

Якунда «Реал» қийин ғалабани қўлга киритди — 2:1. Мбаппе ўйиннинг энг яхши футболчисига аталган совринни олди, аммо Рулининг ҳаракатларини ҳам эътироф этиш керак. Агар у бўлмаганида, мезбонлар йирикроқ ҳисобда ғалаба қозониши мумкин эди.

Олтин коллекция учун ўйин

«Ювентус» – «Боруссия» Д 4:4
Голлар:
Адейеми, 52 (0:1). Кенан Йилдиз, 63 (1:1). Нмеча, 65 (1:2). Влаҳович, 67 (2:2). Коуту, 74 (2:3). Бенсебайни, 86 - пеналти (2:4). Влаҳович, 90+4 (3:4). Келли, 90+6 (4:4)
«Ювентус»: Ди Грегорио, Бремер, Келли, Калюлю, Копмейнерс (Локателли, 69), Тюрам, Камбьясо, Маккенни (Жоао Мариу, 59), Кенан Йилдиз (Жегрова, 87), Давид (Влаҳович, 58), Опенда (Аджич, 69)
«Боруссия» Д: Кобел, Антон, Бенсебайни, Рюэрсон, Нмеча (Беллингҳэм, 71), Забитцер, Свенссон, Коуту, Байер (Брандт, 71), Адейеми, Гирасси (Грос, 90)
Огоҳлантириш: Антон, 42

Туринда қаторасига иккинчи ўйинда мухлислар голлар ёмғирига гувоҳ бўлишди. Бир неча кун олдин А Серия доирасида «Интер»га қарши ўйинда якунда ғалабани илиб кетган мезбонлар бу сафар ЕЧЛ ўйинини саккиз гол урилган триллерга айлантириб беришди. Ҳолбуки, биринчи бўлимдан кейин голсиз дуранг сақланиб қолганди.

«Юве» биринчи бўлимда тўлиқ устунлик қилди, дортмундликлар эса 45 дақиқа давомида бирор марта дарвоза соҳасига тўғри борган зарба йўллай олмади. Лекин танаффусдаги кўрсатмалардан кейин бошқача иштиёқ билан майдонга қайтган меҳмонлар Адейемининг голи билан ҳисобни очишди.

«Кекса синиоралар» таркибида эса доимгидек Кенан Йилдиз ўзини кўрсатди. Унинг олис «тўққизлик» томон айлантириб йўллаган зарбаси — футбол оқшоми безагига айланди. Фақат мезбонларнинг қувончи кўпга чўзилмади, икки дақиқа ўтиб тиним билмас Адейеми Нмечани голли пас билан таъминлади. Ўйиндаги дастлабки уч гол ҳам олис масофадан йўлланган зарбалар орқали урилди. Бироз ўтиб ўрта масофадан ҳам дарвоза ишғол этилди — бу сафар Влаҳович ҳисобни тенглаштирди. Катта эҳтимол билан, туринликлар сафида сўнгги мавсумини ўтказаётган сербиялик ҳужумчи Йилдизнинг ажойиб паси эвазига дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб кетди. Жамоалар ўн беш дақиқа ичида иккитадан гол уришди ва бу ҳали ҳаммаси эмасди.

75-дақиқада Ян Коуто ҳам жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси билан тўпни яқин бурчакка киритди. «Боруссия»нинг учта голи ҳам олис масофадан урилди. Кейин эса ҳакам туринликлар дарвозасига пеналти қўйди – кутилмаганда Гирассига эмас, Рами Бенсебайнига ишонч билдирилди. У эса 11 метрдан бенуқсон зарба берди.

Кўп жамоалар воқеаларнинг бундай ривожидан кейин таслим бўлиб қўя қолган бўларди, аммо Игор Тюдор бошқарувидаги «Ювентус» эмас. Дам олиш кунларида «Интер»га қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларида камбэк қилган (4:3) туринликлар бу сафар ўйинга ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда икки тўп фарқини йўққа чиқаришди. 90+4-дақиқада Влаҳович дублни расмийлаштирди, икки дақиқа ўтиб унинг қанотдан узатмасидан кейин Ллойд Келли бош билан дарвозани ишғол қилди – инглиз ҳимоячиси қаторасига иккинчи ўйинда муҳим гол урмоқда.

Туринликлар ва дортмундликлар мухлислар учун ҳақиқий байрам қилиб беришди, ЕЧЛда бунга қадар иккинчи бўлимда саккиз гол урилиши фақат бир марта кузатилган. Фақат бир йил олдин «Бавария»нинг Загребда маҳаллий «Динамо»га қарши ўйинида голлар асосан бир дарвозага урилганди (9:2). Бу сафарги ўйин эса — жаҳон футболидаги энг яхши турнирнинг олтин коллекциясидан ўрин олади.

«Канонирлар»нинг кучли захираси

«Атлетик» – «Арсенал» 0:2
Голлар:
Мартинелли, 72 (0:1). Троссар, 87 (0:2)
«Атлетик»: Симон, Вивиан, Паредес, Бойро (Берчиче, 68), Горосабель, Весга (Рего, 81), Хаурегисар, Сансет (Гурусета, 68), Наварро (Гомес, 61, Серрано, 81), Беренгер, Иняки Уилямс
«Арсенал»: Райя, Москера, Габриэл Магаляйнс, Калафиори (Инкапие, 90+1), Тимбер, Субименди, Мерино, Райс, Эзе (Мартинелли, 71), Мадуэке (Норгар, 90+1), Йокереш (Троссар, 65)
Огоҳлантиришлар: Хаурегисар, 85 – Райс, 7. Мадуэке, 85. Субименди, 90

«Атлетик» катта танаффусдан кейин ЕЧЛдаги илк ўйинига жиддий тайёргарлик кўрганди. Майдондаги футболчилар ҳам, трибуналардаги мухлислар ҳам биринчи бўлим давомида меҳмонларни кучли босим остида ушлаб туришди. «Канонирлар»да Сака, Эдегор ва Ҳаверц каби етакчилар йўқлиги сезилди, жамоанинг янги футболчилари Эзе ва Йокерешда ҳали мослашиш жараёни давом этмоқда.

Басклар камида голсиз дурангни сақлаб қоладигандек кўринаётганди, аммо иккинчи бўлимнинг иккинчи ярмида улар жуда аламли гол ўтказиб юборишди. Бу вазиятда мезбонларнинг деярли барча футболчилари майдоннинг рақиб дарвозаси жойлашган иккинчи қисмига ўтишганди, дарвозабон Унаи Симон кучли зарба билан тўпни олдинга йўллади. У ерда эса тўп учун курашда инглизлар устун келишди ва бир неча узатмадан кейин майдонга тушганига ҳали бир дақиқа ҳам бўлмаган Габриэл Мартинелли яккама-якка вазиятга чиқиб кетиб, ўйин тақдирини ҳал қилди. Унга эса иккинчи бўлимда захирадан тушган бошқа бир футболчи Леандро Троссар ассистентлик қилди.

Кўп ўтмай Мартинеллининг узатмасидан кейин Троссар иккинчи голни урди. Микел Артетанинг топқирлиги, шунингдек, жамоанинг кенг захира ўриндиғи турнирни уч очко билан бошлаш имконини берди.

«ПСВ» – «Юнион» 1:3
Голлар:
Дэвид, 9 - пеналти (0:1). Аит Ал-Ҳожи, 39 (0:2). Макаллистер, 81 (0:3). ван Боммел, 90 (1:3)
«ПСВ»: Коварж, Обиспо (Салоҳиддин, 46), Фламинго, Гасеровски, Дест, Сҳаутен (Тил, 46), Верман, Сайбари (Ваннер, 74), ван Боммел, Перишич, Пепи (Боаду, 74, Ман, 80)
«Юнион»: Сҳерпен, Макаллистер, Берджесс, Лейсен, Халаили, Зорган, Расмуссен, Аит Ал-Ҳожи (ван де Перре, 75), Нянг, Родригес (Схофс, 88), Дэвид (Жигер, 67)

Умумий гуруҳ босқичидаги илк сенсация Нидерландияда қайд этилди: камтарона «Юнион» Эредивизиянинг амалдаги чемпионлари дарвозасини сафар ўйинида уч бор ишғол этди. Ўйинда ҳисоб тўққизинчи дақиқадаёқ пеналтидан очилди ва бу мезбон футболчиларни очилишга мажбур қилди – белгияликлар эса уларни қарши ҳужумларда жазолади. «Юнион» икки бўлим якунида биттадан гол уриб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди ва зарбалар бўйича ҳам яққол устунликка эришди (18-10). Агар дарвоза дахлсизлиги сақлаб қолинганида, ўйинни идеал деб аташ мумкин эди, аммо сўнгги дақиқада таниқли футболчининг ўғли Рубен ван Боммел бунга рози бўлмади ва стадионга йиғилган мухлисларга таскин берувчи жавоб голини урди. Лекин бу гол Белгия вакили ЕЧЛ доирасида Нидерландияда ўтган ўйинда 2000 йилдан буён илк бор ғалабага эришишига тўсқинлик қилолмади.

«Бенфика» – «Қорабоғ» 2:3
Голлар:
Барренечеа, 6 (1:0). Павлидис, 16 (2:0). Леандру Андраде, 30 (2:1). Дуран, 48 (2:2). Кашчук, 86 (2:3)
«Бенфика»: Трубин, А. Силва, Отаменди, Дал, Дедич, Барренечеа, Риос (Баррейру, 79), Судаков, Шелдеруп (Иванович, 70), Эурснес (Престианни, 70), Павлидис (Энрике Араужу, 79)
«Қорабоғ»: Кохалски, Мустафозода, Медина, Жафаргулиев (Байрамов, 77), М. Силва, Янкович (Кашчук, 77), Педру Бикалю, Боржес, Зубир, Леандру Андраде (Аддай, 66), Дуран (Қурбонли, 90)

Ўйин лиссабонликлар учун осон кечиши тахмин қилинганди ва амалда ҳам шундай бошланди. «Бенфика» 16-дақиқага келиб икки гол фарқи билан олдинга чиқиб олганди. Барренечеа бурчак зарбасидан кейин дарвозани ишғол этди, Судаков иккинчи голли паси билан Павлидисни дарвозабон қаршисига чиқариб юборди. Бу ушбу грециялик ҳужумчи учун ЕЧЛдаги саккизинчи гол бўлди ва у «Бенфика»нинг асосий еврокубокдаги тўпурарлари ўнлигига кириб олди.

Аммо шу билан ўйиннинг лиссабонликлар учун ёқимли онлари якунланди. Саккиз йиллик танаффусдан кейин ЕЧЛга қайтган озарбойжонликлар катта куч билан олдинга ташланди. Гурбан Гурбанов жамоаси ҳужумкор ўйини билан ўйинда бурилиш ясади. «Қорабоғ» сафига шу ёзда келиб қўшилган Камило Дуран яққол ажралиб турди. Колумбиялик футболчи аввалига бурчак зарбасидан кейин Леандро Андрадени голли пас билан таъминлади, иккинчи бўлим бошида эса Янковичнинг ҳимоячилар орасидан ўтказиб берган пасини ўткир бурчакда турганига қарамай дарвоза тўрига аниқ йўналтирди.

Иккинчи бўлим давомида бир неча вазиятда Трубиннинг сейвлари ҳамда дарвоза устунлари мезбонларни голдан қутқариб қолди. Аммо якунда меҳмонлар барибир ғалабани илиб кетишди. Дарвозабон томонидан узатилган тўпни эгаллаб олган Кашчук Зубир билан девор услубида ўйнади ҳамда яқин бурчакни аниқ нишонга олди. Озарбойжон жамоаси ЕЧЛнинг асосий турнирида илк ғалабасини нишонлади.

«Тоттенҳэм» – «Вилярреал» 1:0
Голлар:
Луис Жуниор, 4 автогол
«Тоттенҳэм»: Викарио, Ромеро, ван де Вен, Спенс (Удоджи, 69), Порро, Бентанкур, Бергвалл (Дансо, 90+2), Сарр (Палиня, 69), Симонс (Жонсон, 77), Қуддус, Ришарлисон (Коло Муани, 77)
«Вилярреал»: Луис Жуниор, Фойт, Вейга, Кардона (Педраса, 75), Моуринио, Комесаня (Парехо, 78), Гейе (Партей, 78), Бюкенен (Молейро, 82), Пепе, Микаутадзе, Перес (Ахомах, 75)
Огоҳлантиришлар: Симонс, 30. Ришарлисон, 33. Коло Муани, 78. ван де Вен, 84 – Комесаня, 35. Моуринио, 36. Вейга, 53

«Вилярреал» Лондондаги ўйинни тезкор гол ўтказиб юбориш билан бошлади. Бергвалнинг ўнг қанотдан оддий узатмаси меҳмонлар дарвозабони Луиз Жуниор тўпни ушлаб қололмасдан, ўз дарвозасига киритиб юбориши билан якунланди. Бразилиялик дарвозабон бу ҳаракати билан ЕЧЛ тарихидаги энг тезкор автогол (4-дақиқада) муаллифи бўлган посбонга айланди. «Вилярреал»нинг ҳужум чизиғи вакилларида жавоб голини уриш учун яхши имкониятлар бўлди: Тейжон Бюнекен ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан, олис бурчакни нишонга олиши мумкин эди, аммо канадиялик футболчига аниқлик етишмади. Меҳмонлар сафидаги энг фаол футболчи Николя Пепенинг ҳам шу куни ишлари юришмади, унинг учта зарбаси ҳам хато кетди. Шу куни испан жамоаси вакиллари дарвоза соҳасига тўғри борган бирорта зарба бера олмади. «Шпорлар» устози Томас Франк ЕЧЛдаги илк мавсумини ғалаба билан бошлади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид