Жаҳон | 09:24 / 17.09.2025
4452
2 дақиқада ўқилади

Россия бош прокурори Олий суд раҳбари лавозимига тавсия этилди

Россия Федерацияси Олий суди раҳбари лавозимига ягона номзод, бош прокурор Игор Краснов РСК тавсияномасини олди. Бу бош давлат айбловчисининг ушбу лавозимга тайинланиши билан боғлиқ биринчи ҳолат.

Игор Краснов Фото: Vladimir Astapkovich/Sputnik/dpa

Россия Олий судялар коллегияси (РСК) Олий суд раиси лавозимига ягона номзод бўлган бош прокурор Игор Красновни тавсия қилди. Бир овоздан қабул қилинган қарорни РСК раиси Николай Тимошин маълум қилди.

РБК хабарига кўра, Краснов номзодини кўриб чиқиш РСКда беш дақиқа давом этган. Учрашувда Краснов судяларнинг мақоми улар учун «жазосизлик иллюзиясини» яратмаслиги кераклигини айтди. «Шу билан бирга, мен аминманки, судяларга холис бўлишлари учун ҳар қандай тазйиқ йўқ қилиниши керак», — дея унинг сўзларини келтиради «Интерфакс».

Судялик тажрибасига эга бўлмаган Краснов август ойининг охирида, судялар ҳайъати аризаларни қабул қилиб бўлгач, Олий суд раҳбари лавозимига номзод сифатида кўрсатилган эди. Қонунга кўра, Олий суд раҳбари лавозимга Россия Федерацияси президентининг таклифига биноан Федерация кенгаши томонидан тайинланади, бу судяларнинг Олий комиссияси ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилиши мумкин. Шунингдек, қонунда Олий суд аъзолигига номзод этиб кўрсатилиш учун судялар олий комиссиясида камида 10 йиллик ҳуқуқшунослик стажига эга бўлиш ва судяларнинг олий комиссиясида малака имтиҳонидан ўтиш кераклиги белгилаб қўйилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид