Жаҳон | 14:41 / 17.09.2025
3240
2 дақиқада ўқилади

Салехард суди Навалнийнинг онаси шикоятини қаноатлантиришдан бош тортди

Салехард шаҳар суди Людмила Навалнаянинг шикояти бўйича иш юритишни тугатди ва бу унинг «ҳуқуқлари ва манфаатларига дахл қилмаслигини» маълум қилди, деди сиёсатчининг беваси Юлия Навалная.

Фото: Olga Maltseva/AFP/Getty Images

Салехард шаҳар суди қамоқда вафот этган мухолифатчи Алексей Навалнийнинг онасига қотиллик бўйича жиноий иш очиш ҳақидаги аризасини рад этди. «Суд иш очишдан бош тортиш «унинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қилмаслигини» айтиб, шикоятини қаноатлантирмади», деб ёзди сиёсатчининг беваси Юлия Навалная 16 сентябр, сешанба куни ижтимоий тармоқда.

Унинг айтишича, оиласи Навалний ўлимининг эртасига – 2024 йилнинг 17 февралида иш очилишини талаб қила бошлаган ва бир неча бор рад этилган. Сиёсатчининг онаси Людмила Навалная рад жавоби устидан судга шикоят қилди.

Мухолифатчи сиёсатчи, Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиси Алексей Навалний 2024 йил 16 февралда Россия Федерациясининг Ямало-Ненец автоном округидаги Харп посёлкасдаги «Полярный волк» махсус режимли колониясида вафот этди. Мухолифат етакчиси тарафдорлари у ўлдирилганини даъво қилмоқда.

Навалний 1 март куни Москвадаги Борисовское қабристонига дафн қилинди. У билан хайрлашиш учун минглаб одамлар келди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид