Ўзбекистон | 15:32 / 18.09.2025
12396
4 дақиқада ўқилади

Навоийда ҳакамлик суди раиси ва котибига жиноий иш қўзғатилди

Улар қарийб 1 млрд сўмни ўзларига гонорар ва рағбатлантириш сифатида ёзиб, ўзлаштиргани айтилмоқда. Бунинг учун сохта маълумотлар киритилган суд ажримини тайёрлашган. Сўнгра ушбу қалбаки ҳужжатни имзолаб, унга қонуний тус берган.

Фото: Shutterstock

Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси ҳузурида доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Kun.uz танишган ҳужжатда келтирилишича, Х.Н. Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги ҳакамлик суди раиси лавозимида ишлаб келган. У бошқарманинг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва жамоатчилик назорати бўлими бош юрисконсулти Қ.М. билан жиноий тил бириктириб, ҳакамлик судида кўриб чиқиладиган ишлардан ҳакамлик йиғимларини ундириш орқали ўзлаштириш режасини тузган. Ундирилган йиғимлардан Қ.М.га ҳам улуш беришни қонунийлаштириш мақсадида уни ҳакамлик судининг масъул котиби лавозимига ташқи ўриндошлик асосида ишга қабул қилиш ҳақида сохта буйруқ тайёрлаган. 

Сўнгра жиноий шериклар “Навоий ИЭС” АЖ Навоий вилояти “Иссиқлик манбаи” ДУКдан юзага келган қарздорликни ундириш мақсадида судга мурожаат қилмоқчи эканидан хабар топган. Ушбу ишни ҳакамлик судида кўриб чиқиш ва “Навоий ИЭС” АЖ фойдасига ҳал қилиб бериб, “Иссиқлик манбаи” ДУКдан жуда кўп миқдордаги ҳакамлик йиғимини ундириб олиш орқали мулкий наф кўришга келишишган. Бу ишни амалга оширишда эса Навоий вилояти “Иссиқлик манбаи” ДУК юридик бўлим бошлиғи Х.Б.ни жиноий шерик қилиб олишган. 

Шу тариқа, “Иссиқлик манбаи” ДУК ва “Навоий ИЭС” АЖ раҳбарияти номидан ушбу субъектлар ўртасида жами 24 млрд 629 млн сўмлик қарздорликни ундириш ишини кўриб чиқиш ҳақида “Ҳакамлик битими” тузилган. Р.Н. судялар А.Ҳ. ва У.Н.дан иборат таркибда суд мажлиси бўлиб ўтгани ҳамда даъво аризасини иш юритувига қабул қилиш тўғрисида тўхтамга келингани ҳақида сохта маълумотлар киритилган суд ажримини тайёрлаган. Сўнгра ушбу қалбаки ҳужжатни ҳакамлик суди раиси сифатида имзолаб, унга расмий тус берган.

Шундан кейин Р.Н. жиноий шериклари Қ.М. ва Х.Б. “Иссиқлик манбаи” ДУКдан ундирилган 1 млрд 921 млн сўм ҳакамлик йиғимининг бир қисмини қўлга киритишни мақсад қилган. Жумладан, Р.Н. гонорар бериш ва рағбатлантириш буйруқлари асосида Қ.М.га 114,5 млн сўм, ўзига эса 871 млн 387 минг сўм пул маблағини ёзиб, жами 985,9 млн сўмни ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Р.Н.га муносиб хулқ-атворда бўлиш, Қ.М.га эса қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.   

Маълумот учун, ҳакамлик судлари суд тизимига кирмайди. Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи муайян иқтисодий низоларни ҳал этиш ваколатига эга бўлган нодавлат орган ҳисобланади. Шу боис ҳакамлик судлари фаолияти “Судлар тўғрисида”ги эмас, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид