Жаҳон | 14:08 / 18.09.2025
3625
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда мустақил ОАВ ходимлари беш йилга қамалди

Қирғизистонда "Клооп" мустақил нашрининг собиқ ходимлари оммавий тартибсизликларда айбдор деб топилди. Айбланувчилар ўз айбига иқрор бўлишга мажбурланганини даъво қилмоқда.

Фото: RFE / RL

Бишкек туман суди "Клооп" мустақил ахборот порталининг собиқ ходимларини беш йилга озодликдан маҳрум этди. Операторлар Александр Александров ва Жоомарт Дуулатовга нисбатан ҳукм 17 сентябр, чоршанба куни эълон қилинди. Исмлари ошкор этилмаган яна икки бухгалтер уч йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди (қамоқ ўрнига назоратни назарда тутувчи жазо). Тўрт нафари ҳам оммавий тартибсизликларни қўзғатишда айбдор деб топилди.

Айблов хулосасида айтилишича, судланувчилар YouTube'даги Temirov Live канали асосчиси, суриштирувлар билан шуғулланувчи журналист Болот Темиров билан ҳамкорликда яратилган материалларни тарқатиш ва чоп этишда иштирок этган. Айблов томонига кўра, қўшма текширувлар “ёлғон маълумотлар ва мамлакат раҳбариятини асоссиз танқид қилиш”дан иборат бўлиб, “бузғунчи кучларни оммавий тартибсизликлар уюштиришга ундаш ва ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллашга оммавий чақириқ”ни мақсад қилган.

"Клооп" ўзининг Telegram-каналида таъкидлаганидек, муҳокама қилинаётган видеолар нашр томонидан эълон қилинмаган, унда на операторлар, на бухгалтерлар ҳеч қандай тарзда иштирок этмаган. Давлат экспертларидан бири Таалайбек Абдиқўзоев судда видеоларни ким тайёрлаганини аниқлашнинг иложи йўқлигини айтди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид