Жаҳон | 14:56 / 19.09.2025
11591
6 дақиқада ўқилади

“Толибон” Хитойга кафолат беролмади, АҚШ эса вазиятдан фойдаланиб қолмоқчи”- сиёсатшунос

Афғонистон яна глобал ҳамжамият эътиборига қайтиши мумкин. Трампнинг Багром ҳарбий базасини АҚШга қайтариш ҳақидаги сўзлари америкалик дипломатларнинг Кобулга ташрифидан атиги олти кун ўтиб янгради. Шунингдек, Хитой ҳам июн ойида “Толибон” билан имзоланган йирик нефт келишувини бекор қилди. АҚШ эса вазиятдан фойдаланиб отни қамчилашга ҳаракат қилаётгандек. Хўш, бу Марказий Осиё учун нимани англатади? “Геосиёсат”да сиёсатшунослар АҚШнинг минтақага эҳтимолий қайтиши ва “Толибон” билан музокаралар хусусида сўз юритди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

АҚШнинг Афғонистонга қайтиши Марказий Осиё учун нимани англатади?

Фарҳод Каримов: Афғонистонда ҳозир “Толибон” ўзининг легитимлигини мустаҳкамлади. Шу билан бирга мамлакатнинг айрим ҳудудлари ҳануз “Толибон” томонидан тўлиқ назорат қилинмайди, бу ҳудудларда экстремистик ҳарбий гуруҳлар тўпланиши мумкин ва улар Марказий Осиё, хусусан, минтақамиз хавфсизлигига таҳдид солади. Биз буни доимий равишда кузатиб боришимиз зарур. Америка Қўшма Штатларининг минтақага қайтиши юқоридаги гуруҳларни чеклаш ва уларни кучсизлантириши мумкин, бу эса “Толибон”нинг бутун Афғонистон устидан тўлиқ назорат ўрнатишига ёрдам беради. Битта марказлашган ва барқарор ҳокимият бўлиши эса бутун минтақа учун ижобий ҳисобланади. Бироқ бунинг икки юзаси ҳам бор. Агар АҚШ минтақага қайтиб, ўз таъсирини кучайтирса, биз янги геосиёсий реаллик билан ҳисоблашишга мажбур бўламиз. Трансафғон коридори, темирйўл лойиҳалари ва бошқа иқтисодий ташаббуслар хусусан Хитой билан боғлиқ лойиҳалар ҳам қийинчиларга дуч келиши ёки тўхтаб қолиши мумкин. Лойиҳаларнинг молиялаштирилиши, назорати ва мониторинги ким томонга юкланиши каби саволлар туғилади, бу эса янги музокаралар ва вақт талаб қилади. АҚШнинг минтақага қайтиши бир томондан лойиҳаларни тезлаштириши мумкин, лекин бошқа томондан Хитой, Россия ва АҚШ ўртасидаги манфаатлар тўқнашуви кучаяди. Бу ҳолат Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё учун иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан ноқулайликлар туғдириши эҳтимолидан холи эмас. АҚШ асосан ҳарбий йўл билан таъсир ўтказишни афзал кўраётгандек кўринади, катта иқтисодий инвестициялар, эркин саноат зоналари ёки саноат комплексларини барпо этиш ўрнига базавий ҳарбий инфратузилмага устунлик берилиши мумкин. Бу ҳолат минтақадаги приоритетларнинг сиёсий ва ҳарбий йўналишда қолишига далолат беради. Натижада Эрон ва бошқа минтақавий акторларга босим кучайиши, улар эса ўз навбатида ядровий ва бошқа дастурларини тезлаштириш тарафида ҳаракат қилиши мумкин. Бундай интригалар ва кучлар тўқнашуви чегарадош ҳудудларимизни беқарорлаштириши, ресурсларимиз ва эътиборимизни талаб қиладиган янги хавф-хатарларни келтириб чиқариши табиий. Хулоса қилиб айтганда: агар АҚШ билан мувофиқлашиш ва ҳамкорлик амалга оширилса, айрим иқтисодий лойиҳалар аввалгидан тезроқ натижа бериши мумкин. Лекин бу жараёнлар минтақада янги геосиёсий «ўйинлар» ва рақобатларни юзага келтиради ва биз учун энг камида ноқулай ҳолатларнинг пайдо бўлиши эҳтимоли юқори. Шу сабабли Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари диққатини ҳуқуқий, иқтисодий ва хавфсизлик механизмларини мустаҳкамлашга қаратиши лозим.

Залмай Ҳалилзоднинг Кобулга ташрифи ортида қандай омиллар бор?

Исломхон Гаффаров: “Толибон” ҳокимиятга келгач, АҚШнинг Афғонистонга бу иккинчи ташрифи бўлди. Биринчи ташриф шу йилнинг 20 март куни бўлган эди, унда Залмай Ҳалилзад билан бирга асирлар масалалари бўйича президент вакили Адам Бойлер ҳам келганди. Иккинчи сафарда ҳам Бойлер иштирок этди ва бу сафар у асосий фигура сифатида кўринди. Унинг Бош вазир биринчи ўринбосари Мулла Абдул Ғани Бародар билан учрашуви кенг ёритилди. Бу эса АҚШ аста-секин Афғонистон бўйича асосий вакил ролини Бойлерга ўтказаётганидан далолат беради. Ҳатто сентябр ойидаги ташрифда у “Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили” сифатида таништирилди. Шундай қилиб Вашингтон афғон жамоатчилиги ва халқаро майдонга: “Бизнинг бундан кейинги асосий вакилимиз Бойлер бўлади” деган сигнал юборди. Ташриф расмий жиҳатдан алоқаларни тиклаш ва маҳбуслар масаласи билан изоҳланди. Аммо, аслида, АҚШ Кобулнинг ўзи билан дипломатик алоқаларни давом эттиришга қанчалик тайёрлигини синаб кўрди. Чунки сўнгги йилларда Кобул Хитой ва Россия билан яқинлашган, бироқ яқинда Хитой Афғонистондан секин узоқлаша бошлади. Бунга сабаб “Толибон” Пекинга хавфсизлик бўйича етарли кафолат бера олмаганидир. Ҳатто июн ойида йирик нефт контракти ҳам бекор қилинди. Натижада Хитой бизнеси чекинишга мажбур бўлди ва бугунги кунда Афғонистон билан фақат чекланган даражада алоқа олиб бормоқда. Шундай вазиятда АҚШ ўзини қулай ҳолатда кўрмоқда. Чунки у 20 йил давомида Афғонистон билан яқин ишлаган, тажрибаси, алоқалари ва каналлари бор. Вашингтон шуни синаб кўрмоқда: агар Хитой барқарор ҳамкорлик қила олмаган бўлса, АҚШ осонлик билан қайта кириб, муносабатларни тиклаш имкониятига эга. Шу боис бу ташриф катта шартномалар ёки йирик воқеалар билан эмас, балки рамзий сигнал сифатида қабул қилиниши мумкин: “Биз алоқаларни янгилашга ва оширишга тайёрмиз, агар бизнинг шартларимиз бажарилса” дегандек. Кўп эҳтимол билан, муҳокама қилинган шартлардан бири АҚШнинг Багром ҳарбий базасига қайтиши масаласи бўлди. Бунга оид ишоралар Трампнинг кейинги баёнотида ҳам сезилди.

Суҳбатни батафсил YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид