Жаҳон | 23:19 / 19.09.2025
10262
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг «панд бергани» ҳақидаги сўзларига Путиннинг муносабати маълум қилинди

Россия президентининг вакили Дмитрий Песков АҚШ етакчисини бу мавзуга «етарлича ҳиссий ёндашаётганини» айтди.

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп Украинадаги можарони ҳал этиш учун ҳаракат қилмоқда, шунинг учун бу мавзуни муҳокама қилишдаги ҳиссиётлари тушунарли. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

Журналистлар ундан Владимир Путин Америка президентининг уни «панд бергани» ҳақидаги айбловларига қандай муносабатда бўлганини сўради.

«Биз Қўшма Штатлар ва шахсан президент Трамп ўз сиёсий иродасини сақлаб қолишидан келиб чиқамиз. Президент Трамп, айтайлик, бу мавзуга етарлича ҳиссий ёндашяпти, бу мутлақо тушунарли», деди Песков.

Кремл вакилининг таъкидлашича, Владимир Путин ҳамон Украинадаги урушни дипломатик йўл билан ҳал қилишга содиқ ва бунинг учун кўп ишлар қилмоқда. Аммо «Киев режими бор, Европа давлатлари бор» ва улар «қарама-қаршилик йўлидан давом этишни» хоҳлаяпти.

АҚШ президенти Доналд Трамп 18 сентябр куни Путин билан муносабатлари туфайли Россия ва Украина ўртасидаги урушни осонроқ ҳал қилиш мумкин, деб ўйлагани, аммо россиялик ҳамкасби «панд бергани» ҳақида гапирган эди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид