Жаҳон | 22:42 / 21.09.2025
10348
2 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу Фаластинни тан олган давлатларга жавоб қайтариш билан таҳдид қилди

У Фаластин давлати «ҳеч қачон ташкил этилмаслигини» таъкидлади.

Фото: EPA/ТАСС

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мамлакат расмийлари Фаластиннинг яна бир қанча давлатлар томонидан тан олинишига кейинги ҳафтада расмий жавоб беришини айтди. Шунингдек, у Фаластин давлати «ҳеч қачон ташкил этилмаслигини» таъкидлади.

Исроил ТИВ мамлакат қатор давлатлар томонидан Фаластиннинг тан олинишини рад этишини маълум қилди.

«Исроил Буюк Британия ва бошқа бир қатор давлатларнинг Фаластин давлатини тан олиш тўғрисидаги бир томонлама баёнотини қатъиян рад этади. Бу баёнот тинчликка ҳисса қўшмайди, аксинча - минтақани янада беқарорлаштиради ва келажакда тинч йўл билан ҳал қилиш имкониятларига путур етказади», дейилади баёнотда.

Исроил ТИВ бундай ҳаракатларни «Холокостдан кейинги энг йирик яҳудий қирғинини мукофотлаш ва ҲАМАСни қўллаб-қувватлаш» деб атади.

Аввалроқ Буюк Британия, Канада ва Австралия расмийлари деярли бир вақтда Фаластин давлатини тан олганини эълон қилди. Яқин вақт ичида Франция ва Белгия расмийлари ҳам худди шундай қарор қабул қилиши кутилмоқда. Санаб ўтилган давлатлардан ташқари Фаластинни БМТга аъзо 193 давлатдан яна 147 таси тан олган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид