Иқтисодиёт | 21:40 / 22.09.2025
3106
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Халқаро валюта жамғармаси раҳбари билан учрашди

Учрашув давомида пул-кредит ва фискал сиёсатни ривожлантириш, статистика тизимини трансформация қилиш бўйича жамғарманинг экспертлик кўмагини давом эттириш, шунингдек, иқтисодий идоралар ходимлари учун ўқув дастурларини кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 22 сентябр куни Ню-Йорк шаҳрида Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) бошқарувчи директори Кристалина Георгиева билан учрашди.

Нуфузли глобал тузилма билан шерикликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. ХВЖ раҳбари Кристалина Георгиева Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланишларга юксак баҳо бериб, ортга қайтмас ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Жамғарма билан макроиқтисодий сиёсат, бюджет ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш соҳаларида самарали ҳамкорлик қилинаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Таъкидланишича, ўзбекистонлик мутахассислар ХВЖ марказларида мунтазам равишда малака ошириш дастурларидан ўтмоқда. Жорий йилда молия соҳасининг барқарорлиги биргаликда баҳоланди ва «йўл харитаси» қабул қилинди.

Учрашув давомида пул-кредит ва фискал сиёсатни ривожлантириш, статистика тизимини трансформация қилиш бўйича жамғарманинг экспертлик кўмагини давом эттириш, шунингдек, иқтисодий идоралар ходимлари учун ўқув дастурларини кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид