Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ғазода урушни оқлайдиган ҳеч нарса йўқ” – Франция Фаластин давлатини тан олди
БМТ йиғилиши арафасида Франция, Белгия, Мальта, Люксембург ва Монако ҳам Фаластин давлатини тан олди. “Доимий сулҳ музокаралари давом этаётганига қарамай, Ғазода давом этаётган урушни оқлайдиган ҳеч нарса йўқ”, деди Эммануел Макрон. Шунингдек, Франция Фаластин хавфсизлик кучларини тузишни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Фото: Reuters
Франция БМТ йиғилиши арафасида Фаластин давлатини тан олди. Президент Эммануэл Макрон 22 сентябрь куни БМТ қошида, Франция ва Саудия Арабистони иштирокида ўтказилган Фаластин муаммосига ечим топиш ва “икки давлат” формуласини амалга оширишга бағишланган олий даражадаги халқаро конференцияда тегишли баёнот билан чиқди.
Макрон ўз чиқишида 2023 йил 7 октабр куни ҲАМАС томонидан амалга оширилган ҳужумларни қоралади. Лекин, у кеч бўлмасдан тинчлик ўрнатилиши кераклигини айтди.
“Тинчлик ўрнатиш учун вақт келди, чунки биз уни қўлга киритиш имкониятидан айрилиш арафасида турибмиз. Шу сабаб биз бугун шу ерга тўпланганмиз. Кимдир айтади, бу жуда кеч. Кимдир айтади, бу жуда эрта. Аммо битта ҳақиқат аниқ – биз энди кутиб туролмаймиз”, деди Макрон.
Шунингдек, у Фаластин давлатини тузиш бўйича берилган ваъдалар бажарилмай қолганини эслатди.
“Араб давлатига берилган ваъда ҳануз бажарилмаган. Ўшандан бери умид ва тушкунлик аралаш йўл босиб ўтилди”, деди у.
“Биз икки давлат ёнма-ён тинчлик ва хавфсизликда яшашини хоҳлаймиз. Бироқ ҳозирда Исроил Ғазода ўзининг ҳарбий амалиётини ҲАМАСни йўқ қилиш мақсади билан кенгайтирмоқда. Аммо … юз минглаб одамлар кўчирилди, жароҳатланди, оч қолди, руҳий изтироб чекмоқда. Уларнинг ҳаёти ҳануз вайрон қилинмоқда. Доимий ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар – гаровдагиларни озод қилишнинг энг ишончли йўли – давом этаётганига қарамай, Ғазада давом этаётган урушни оқлайдиган ҳеч нарса йўқ. Ҳеч нарса.
Шунинг учун, менинг мамлакатимнинг Яқин Шарқдаги, исроилликлар ва фаластинликлар ўртасидаги тинчликка бўлган тарихий садоқатига мувофиқ, бугун эълон қиламан: Франция Фаластин давлатини тан олади,” – дея Эммануэл Макроннинг сўзларини келтирмоқда Reuters.
Макроннинг эълони БМТ залида қарсаклар билан кутиб олинди. Шунингдек, Франция Фаластин хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Макронга кўра:
- Ўт очишни тўхтатиш келишувига эришилиши биланоқ ҲАМАС тугатилиши керак;
- “Франция халқаро барқарорлаштириш миссиясига ҳисса қўшишга, шунингдек, Европа ҳамкорлари билан биргаликда Фаластин хавфсизлик кучларини тузиш ва жиҳозлашни қўллаб-қувватлашга тайёр”;
- Франция Фаластинда элчихона очади.
Бошқа давлатлар
БМТ тадбирида, шунингдек Люксембург, Мальта, Монако ва Белгия ҳам Фаластин давлатини тан олди. Канада, Британия, Португалия ва Австралия 2 кун олдин Фаластинни тан олганди.
Белгиянинг бош вазири Барт Де Вевернинг айтишича, Фаластинни тан олиш – кучли сиёсий ва дипломатик сигнал. “Аммо бу тўлиқ ҳуқуқий тан олиш фақат гаровдагилар озод қилингандан ва ҲАМАС ҳокимиятдан четлаштирилгандан кейин амалга оширилади”, деди Белгия вакили.
Фаластин президенти Маҳмуд Аббос эса АҚШ визаси рад этилгани учун йиғилишга бора олмади ва видео орқали мурожаат қилди:
“ҲАМАС бошқарувда ҳеч қандай рол ўйнамайди. У ва бошқа гуруҳлар қуролларини Фаластин маъмуриятига топшириши керак. Биз ягона қонун ва қонуний хавфсизлик кучларига эга бўлган бирлашган давлатни хоҳлаймиз.”
У сайловларни халқаро кузатувчилар иштирокида ўтказишга ваъда берди.
“Биз ўт очишни тўхтатганимиздан бир йил ичида ислоҳотлар ва сайловлар ўтказамиз,” деди у.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи раҳбари Урсула фон дер Ляйен Ғазони қайта қуриш учун “донор гуруҳи” ташкил этилишини маълум қилди. Ғазодаги инфратузилмага етказилган зарар 2024 йил январ охирида $18,5 миллиард деб баҳолангани айтилмоқда.
АҚШ ва Исроил
АҚШ ва Исроил душанба кунги йиғилишни бойкот қилди. Исроилнинг БМТдаги элчиси Данни Данон: “Бош вазир Нетаняҳу келаси ҳафта Исроилга қайтгач, қандай жавоб беришни муҳокама қиламиз,” деди.
Reuters’нинг ёзишича, Исроил Ғарбий Соҳилнинг бир қисмини қўшиб олиш ҳамда расмий Парижга қарши махсус икки томонлама чораларни кўриб чиқмоқда.
АҚШ давлат департаменти эса Фаластинни тан олган давлатларга “муаммолар келтириб чиқариш билан” таҳдид қилганди.
Исроилнинг Ғазодаги геноцид кўринишидаги уруши глобал қораловларга учрамоқда. Маҳаллий соғлиқни сақлаш идоралари маълумотига кўра, Исроил армиясининг ҳужумлари оқибатида 65 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.
Мавзуга оид
12:51 / 05.12.2025
«Ҳақиқат бўлишига жуда кучли асослар бор» – БМТ бош котиби Ғазодаги уруш жиноятлари ҳақида
16:58 / 04.12.2025
Ғазо вайроналари орасида 54 жуфтлик учун оммавий тўй ўтказилди – фотолар
14:08 / 01.12.2025
Рим папаси: Фаластин давлатини тузиш — ягона ечим
16:52 / 29.11.2025