Соғлом ҳаёт | 16:11 / 23.09.2025
10139
9 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳавоси яна энг ифлос: сабаб, оқибат ва ҳимоя чоралари

Ҳаво сифатини мониторинг қилувчи халқаро IQAir портали 22 сентябр куни бир муддат Тошкентни дунёнинг энг ҳавоси ифлос шаҳри сифатида қайд этди. Хўш, пойтахт ҳавоси чиндан ҳам хавфли тоифага чиқдими, ифлосланишга нима сабаб бўлди? Одамлар бундай чанг об-ҳавода соғлиғини қандай ҳимоя қилиши керак? Kun.uz шу каби саволларга жавоб олиш учун мутахассисларга юзланди.

Фото: Kun.uz

Сўнгги йилларда Тошкент дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарлари қаторидан жой олиб келмоқда. Бу пойтахт ҳаёти учун катта экологик муаммолардан бирига айланяпти.

Сабаблар

Пойтахт ҳавосининг ифлосланишига бир нечта омиллар сабаб бўлмоқда. Энг асосий манба – транспорт воситаларидан чиқадиган тутун ва чиқинди газлар. Пойтахтда машиналар сонининг йилдан йилга ортиши ҳавога зарарли моддалар чиқарилишини кескин кучайтирган. Қиш мавсумида эса аҳоли ва корхоналар томонидан кўмир ёки паст сифатли ёқилғидан фойдаланиш муаммо устига муаммо қўшади. Қурилиш майдонларидаги чанг-ғубор, яшил ҳудудларнинг қисқариши, саноат корхоналарининг чиқиндилари ҳам умумий фонни янада оғирлаштиради.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовга кўра, Тошкентда 22-23 сентябр кунлари кузатилаётган ҳаво ифлосланиши атмосфера оқимларининг алмашиниши оқибатида рўй бермоқда. Унинг айтишича, ушбу даврда ҳавода чанг заррачалари кўпаяди ва бу табиий ҳаво ифлосланиши ҳисобланади. Антициклон шароитида тонгда ва кечқурун ҳаводаги чанг миқдори ортиши мумкин.

Мутахассиснинг таъкидлашича, жорий йил баҳорининг сўнгги ойи ва бутун бошли ёз ойлари ўтган йилги шу даврга нисбатан жуда иссиқ ва фавқулодда қуруқ бўлди. Ҳатто, пойтахтда, масалан, сўнгги тўрт ойда ерни ҳўл қилувчи ёмғир ёғмади. Мазкур ҳолат бутун минтақада шу каби тамойил билан кузатилди.

Минтақага навбатдаги совуқ ҳаво оқимлари кириб келиши давомли фронтолд шамолларни келтириб чиқарди, бу эса айрим ҳудудларда чанг тўзони ва чанг бўронларига сабаб бўлди. Навбатдаги совуқ антициклоннинг 21–22 сентябр кунлари минтақага кириб келиши натижасида республиканинг кўплаб ҳудудларида чанг бўронлари кузатилди. Хусусан, 21 сентябр куни воҳа ва республика марказларида катта масштабли чанг бўронлари содир бўлди, ҳавода майда РМ2.5 ва РМ10 заррачалари миқдори кескин ортди.

22 сентябр куни Каспий денгизи орқали кириб келган ноодатий антициклоннинг шарқий қисми фронтолд шамоллар туфайли Қизилқум шарқи, Айдаркўл кўллар тизими ва Жиззах ғарбий ҳудудларида кўтарилган чанг ҳаво ғарбга йўналди. Шу куни иккинчи ярим кунида айни йўналишдаги шамол Чордара сув омбори атрофида шимолга бурилди. Ушбу чанг массаси Тошкентга соат 15:00 да етиб келди. Кечки пайтгача, соат 19:00 гача, пойтахт жануби-ғарбидан чанг оқимлари кириб келиши давом этди.

Тошкент халқаро аэропортида соат 18:30 да кўриниш масофаси 4000 метргача пасайган ғубор ҳодисаси қайд этилди. Жорий чанг ҳаво миқдори 2021 йил 4 ноябрдаги даражадан анча паст бўлса-да, Ўзгидрометнинг пойтахт турли ҳудудларига ўрнатилган автомат станционар станциялари РМ2.5 майда заррачалари миқдори рухсат этилган миллий стандартдан 5–6 баробар ошганини қайд этди”, – дейди Эркин Абдулаҳатов.

Иқлимшуноснинг таъкидлашича, прогнозлар бўйича антициклон таъсири республикада пайшанба кунига қадар давом этади. Гарчи кейинги кунларда чанг билан боғлиқ вазият масалан пойтахтда бугунгидек бўлмаса-да, аммо ушбу ҳаво оқими таъсирида тонгги ва кечки муддатларда ҳаво сифати бироз ёмонлашади. Пайшанба кунидан бошлаб бошқа ҳаво оқимининг минтақага кириб келиши вазиятларни анча барқарорлаштиради.

Оқибат

Тиббиёт фанлари номзоди, педиатр, пулмонолог Фотима Холтаеванинг айтишича, бундай ҳаво, энг аввало, инсоннинг нафас йўлларига кучли зарар етказади. Ҳаводаги майда заррачалар (PM₂.₅) ўпкага чуқур кириб, бронх ва алвеолаларга жойлашади, улар эса табиий тозаланиш имкониятига эга эмас. Бунинг натижасида астма, бронхит, сурункали йўтал каби касалликлар юзага келади.

Аммо муаммо фақатгина ўпка билан чекланмайди. Ҳаводаги заррачалар қон оқимига ўтиб, бутун организм бўйлаб тарқалади. Бу эса юрак-қон томир тизимини ҳам зарарлайди. Қон томирлар тораяди, қон айланиши бузилади ва натижада юқори қон босими, юрак хуружлари, инсулт ва инфаркт хавфи сезиларли даражада ошади.

Болалар ва ҳомиладор аёллар энг заиф гуруҳ ҳисобланади. Чунки болалар организми ҳали ривожланиш босқичида бўлиб, ифлос ҳаво уларнинг иммунитетини заифлаштиради, ўпка ҳажмини чеклайди ва келажакда жисмоний ривожланишига тўсқинлик қилади. Ҳомиладор аёллар учун эса ифлос ҳаво эрта туғуруқ хавфини ошириши, чақалоқлар паст вазнда туғилишига сабаб бўлиши илмий тадқиқотларда исботланган.

Ифлос ҳаво фақат жиддий касалликлар эмас, кундалик ҳаёт сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бир қарашда оддий туюладиган чарчоқ, уйқусизлик, бош оғриғи, диққатни жамлай олмаслик каби белгилар аслида ҳаводаги заррачаларнинг организмга таъсири натижасида юзага келиши мумкин. Ўқувчиларнинг дарсларга эътиборини жамлай олмаслиги, ишчилар унумдорлигининг пасайиши, одамларнинг тез-тез кайфияти тушиши – буларнинг бари яширин, аммо жиддий оқибатлардандир”, – дейди шифокор.

Ҳимоя чоралари

Ҳаво ифлосланиши кундалик ҳаётимиздаги ажралмас муаммога айланяпти. Уни тўлиқ четлаб ўтишнинг иложи йўқ, бироқ ўзимизни ва яқинларимизни салбий оқибатлардан ҳимоя қилиш имкони мавжуд. Гап катта маблағ ёки мураккаб технологиялар ҳақида эмас — оддий, самарали ва мунтазам одатлар ҳақида кетмоқда.

Аввало, ташқарига чиқиш вақтини тўғри танлаш керак. Ҳаво энг кўп ифлос бўладиган соатлар тонгги тирбандлик ва кечқурун машиналар кўпаядиган пайт ҳисобланади. Шу вақтларда кўчада узоқ қолмаслик, айниқса, югуриш ёки тез юриш каби жисмоний фаолликни чеклаш зарур. Чунки тез нафас олаётганда зарарли заррачалар ўпкага чуқурроқ киради.

Иккинчи муҳим чора — ниқоб. Оддий мато ёки тиббий ниқоб кўп ҳолларда чангни ҳам тўлиқ ушлай олмайди. N95 ёки унга тенг ҳимоя даражасидаги ниқоблар ҳаводаги зарарли зарраларни кўпроқ тўсади.

Уй шароитида ҳам эҳтиёт чораларини кўриш лозим. Деразаларни шамоллатишда вақтни тўғри танлаш керак: саҳарда ёки ёмғирдан кейин атмосфера анча софлашган бўлади. Ҳаво тозалагич қурилмалари чанг, аллерген ва зарарли зарраларни камайтиришга ёрдам беради. Шунингдек, уйда намликни меъёрда сақлаш, полни нам мато билан тез-тез артиш самарали усуллардандир.

Организмни ички томондан мустаҳкамлаш ҳам катта аҳамиятга эга. Антиоксидантларга бой овқатлар: янги сабзавот ва мевалар, кўкатлар, ёнғоқлар ва балиқ каби маҳсулотлар ҳужайраларни эркин радикаллардан ҳимоя қилиб, иммунитетни мустаҳкамлайди. Тоза сув ичиш, мунтазам жисмоний фаоллик ва уйқу режимини тартибга солиш ҳам ифлос ҳавога нисбатан чидамлиликни оширади.

Болалар ва ҳомиладор аёллар энг заиф гуруҳ саналади. Шу сабабдан ота-оналар фарзандларини имкон қадар ёпиқ жойларда ўйнашга йўналтириши, мактаб ва боғчаларда эса ҳаво сифати кузатилиб туриши муҳим.

Кимлар кўпроқ эҳтиёт бўлиши керак?

Атроф-муҳитдаги ҳаво ифлосланиши, энг аввало, нафас йўллари билан боғлиқ касалликлардан азият чекувчилар учун катта хавф туғдиради. Астма ва бронхитга чалинган беморларда ҳаводаги майда заррачалар нафас йўлларини қўзғатиб, хуружларни кучайтиради. Шунингдек, аллергияга мойил одамларда тумов, кўз қичиши, тери қизариши ёки нафас қийинлашиши каби аломатлар тезроқ пайдо бўлади. Ҳатто, айрим тери касалликлари (атопик дерматит, экзема) ҳам ҳаво ифлос бўлган пайтларда кучайиши мумкин.

Шундай шароитда бу тоифадаги беморларга қуйидагилар тавсия қилинади:

  • Ниқоб тақиш: астматик ва аллергик беморлар оддий ниқобдан кўра, N95 ёки юқори филтрловчи даражадаги ниқобдан фойдаланишлари лозим. Бу майда заррачаларнинг катта қисмини ушлаб қолади.
  • Ингалятор ва дори-дармонни яқинда сақлаш: астма билан оғриган беморлар учун ингалятор ҳар доим қўл остида бўлиши шарт. Аллергия ва тери касалликлари билан оғриганлар эса шифокор белгилаган дори-дармонларни узлуксиз қабул қилишлари зарур.
  • Очиқ ҳаводан эҳтиёткорроқ бўлиш: ҳаво ифлос бўлган соатларда (эрталаб ва кечқурун) ташқарида кўп юрмаслик. Зарур бўлганда эса ниқоб тақиб юриш ва кам ҳаракатланиш муҳим.
  • Уйда хаво тозалаш: ҳаво тозалагич қурилмалар, ҳаво намлагичлари, нам мато билан тозалаш аллергия ва астма аломатларини енгиллаштириши мумкин.
  • Озиқланиш ва иммунитет: кўп сув ичиш, витамин C ва E’га бой маҳсулотлар фойда беради.
  • Шифокор назорати: бундай беморлар профилактика учун ҳам шифокор кўригидан мунтазам ўтиб туришлари зарур.

Диёрахон Набижонова,
Kun.uz

Мавзуга оид