Ўзбекистон | 18:00 / 23.09.2025
9185
3 дақиқада ўқилади

Yandex Uzbekistan ўзбек тилида сўзлашувчи Алисани тақдим этди

Yandex Uzbekistan ўзбек тилида сўзлашадиган икки тилли AI-ёрдамчи — Алисани ақлли овоз қурилмаларида ишга туширди. Энди фойдаланувчилар Алисадан ўзбек тилида сўрашлари мумкин ва ёрдамчи уларга кундалик ишларида ёрдам беради ҳамда мулоқотни қўллаб-қувватлайди. Суҳбат давомида Алиса ўзбек тилидан рус тилига ва аксинча, эркин ўта олади — фойдаланувчи қайси тилда мурожаат қилса, шу тилда жавоб қайтаради. AI-ёрдамчиси Yandex Uzbekistan томонидан яратилган йирик тил модели асосида ишлайди. Моделни тайёрлашда профессионал муҳаррирлар ва филологлар иштирок этган, уни синовдан ўтказишда эса Ўзбекистоннинг 13 ҳудудидан 300 нафар фойдаланувчи ёрдам берган.

Алисани ўзбек тилида ишлатиш учун Дом с Алисой иловасидаги созламаларга кириш керак: «Virtual yordamchi» → «Assistent tili» → қурилмани танлаш → «O‘zbekcha + Ruscha» танловини фаоллаштириш кифоя.

Алиса муҳим ишлар тўғрисида эслатмалар беради, овқат тайёрлашда таймер ўрнатади, об-ҳаво ҳақида маълумот беради ва кайфиятга мос мусиқа қўя олади. Шунингдек, Алиса "ақлли уй" қурилмаларини бошқаришда ёрдам беради — масалан, чироқни ёқиш ёки бошқа ақлли қурилмаларни ишга тушириш мумкин.

AI-ёрдамчи мулоқотни давом эттира олади ва болаларга эртаклар ҳам қўйиб беради. Масалан, шундай дейишингиз мумкин: «Алиса, Ўзбекистонда энг машҳур шоирлар кимлар?» — Алиса Ўзбекистоннинг таниқли шоирлари ҳақида сўзлаб беради. Ёки: «Алиса, ўзбек эртакларини ёқ» ва Алиса ўзбек тилидаги эртаклар плейлистини қўяди.

Алисанинг ўзбек тилида тўлиқ тушуниш ва гапириш қобилияти учун, унинг модели минглаб қўлда таржима қилинган мулоқотлар ва юзлаб соатлик ўзбек тилидаги аудиоёзувлар асосида ўргатилган. У ўзбек тилида табиий мулоқотни қўллаб-қувватлай оладиган матнни тушуниш ва тузишга қодир.

Моделни тайёрлашда 100 нафардан ортиқ маълумот белгиловчи мутахассислар, профессионал филологлар ва муҳаррирлар иштирок этган. Тест жараёнида эса Ўзбекистон аҳолиси фаол иштирок этган — улар бир неча ой давомида Алисага ўзбек тилида саволлар бериб, Yandex Uzbekistan жамоасига нутқни таниш технологияларини такомиллаштиришда ёрдам берган.

Yandex Uzbekistan'нинг Алиса маҳсулоти менежери Улуғбек Шарипов: «Алиса ўзбекча гапира олиши учун биз тил моделини маҳаллий маълумотлар асосида ўқитдик. Энди эса, бизнинг AI-ёрдамчи ўзбек тилини тушуниб, унда берилган буйруқ ва саволларни тушуна олади — бу эса унга фойдаланувчиларга кундалик ишларида янада яхшироқ ёрдам бериш имконини беради».

Алиса ўзбек тилида янги қурилмаларда ҳам, аввал харид қилинган қурилмаларда ҳам фаолият кўрсата олади: Станция Лайт, Мини, Лайт/Мини соатли, Миди, Станция 2, Стрит ва Макс каби қурилмаларда.

 
Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид