Жаҳон | 12:01 / 24.09.2025
3206
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған НАТОни РФ билан муносабатларни Туркия модели асосида қуришга чақирди

Туркия президентининг сўзларига кўра, Россиянинг Украинага қарши уруши тез орада тугаши даргумон. НАТО ҳар икки давлат билан муносабатларни Туркия мисолида ўрнатиши керак, деб ҳисоблайди Эрдўған.

Фото: Turkish Presidency/Murat Kula/Anadolu

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Европа давлатлари Киевни қўллаб-қувватласа-да, Россиянинг Украинага қарши уруши яқин келажакда якунланишига ишонмайди. «Мен бунга ҳақиқатан ҳам ишонмайман. Ва бу бутун дунё учун яхши эмас. Бу ёмон янгилик ва шундай фикр юритиш биз учун қийин», деди у 23 сентябр, сешанбага ўтар кечаси Американинг Fox News телеканалида.

Унинг тушунтиришича, Украина Россия билан иқтисодий жиҳатдан рақобатлаша олмайди, Европа эса Киевга чексиз иқтисодий ёрдам бера олмайди. «Умид қиламизки, бу қўллаб-қувватлаш давом этади», — деди Туркия етакчиси ва АҚШнинг Украинани қанча вақт қўллаб-қувватлашини тахмин қила олмаслигини айтди.

Россиянинг Европа Иттифоқи ҳаво ҳудудидаги провокацияларига НАТОнинг эҳтимолий жавоби ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Эрдўған иттифоқни Россия президенти Владимир Путин ва Украина президенти Володимир Зеленский билан яхши алоқада бўлган Туркияга ўхшаш моделга амал қилишга чақирди. Унинг фикрича, НАТО кескинликни камайтириш учун ҳар икки томон билан дипломатик ҳамкорлик тамойилларига амал қилиши керак.

«Россия жуда жиддий йўқотишларга учради. Украина ҳам инсоний ва молиявий жиҳатдан жуда жиддий йўқотишларга учради. Биз бу давом этишини хоҳламаймиз», — дея қўшимча қилди Туркия раҳбари.

Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери Туркияда Россия ва Украина делегациялари ўртасида бир неча марта музокаралар ўтказилди. Туркия президенти, шунингдек, Зеленский ва Путиннинг шахсий учрашувини ўтказишга ҳам чақирган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид