Жаҳон | 07:10 / 24.09.2025
13279
2 дақиқада ўқилади

Индонезия Ғазога 20 минг аскар жўнатишга тайёр

Сешанба куни Ню-Йоркда БМТ Бош ассамблеясининг 80-сессиясида нутқ сўзлаган Индонезия президенти Прабово Субианто мамлакат Ғазога 20 минг тинчликпарвар кучларини юборишга тайёрлигини маълум қилди.

Фото: Reuters

Унинг сўзларига кўра, Индонезия БМТ тинчликпарварлик миссияларига энг катта ҳисса қўшаётган давлатлардан бири сифатида «тинчлик ҳимоячиларга муҳтож бўлган жойда хизмат қилишда» давом этади.

«Агар Хавфсизлик кенгаши ва ушбу ассамблея қарор қилса, Индонезия Ғазода ёки Фаластиннинг бошқа жойларида қўшма кўп томонлама кучларнинг бир қисми сифатида тинчлик ўрнатишга ёрдам бериш учун 20 000 ёки ундан ортиқ қўшинни юборишга тайёр, бу икки давлат ечимини шунчаки орзу эмас, балки ҳақиқатга айлантириш учун керак», деди Прабово.

Унинг қўшимча қилишича, зўравонлик сиёсий можароларни ҳал қилиш воситаси бўла олмайди.

«Зўравонлик ҳеч қандай сиёсий можарога жавоб бўла олмайди, чунки у кўпроқ зўравонликни келтириб чиқаради. БМТ бу фалокатни тўхтатиш учун қатъий позицияни эгаллаши керак. Акс ҳолда, дунё чексиз урушлар ва зўравонлик кучайиб бораётган хавфли вазиятга тушиб қолади», — деди президент.

Индонезия раҳбари ўз мамлакатининг мустамлакачилик ўтмишини эслади. «Биз ўз юртимизда итдан ҳам қадрсизроқ одамлар эдик», деди у Нидерландия зулмини эслаб. У айнан шунинг учун индонезияликлар адолатсизлик, апартеид ва маҳрумлик остида яшаш нимани англатишини билишини қўшимча қилди.

«Биз мустақиллик учун курашда, очлик, касаллик ва қашшоқликни енгишда ҳамжиҳатлик нима қилиши мумкинлигини ҳам биламиз. Бунда БМТ кўмаги жуда муҳим», — деди президент.

Маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йил октябр ойида Исроил ҳужумлари бошланганидан бери Ғазода 65 300 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир. Узлуксиз портлашлар секторни яшаш учун яроқсиз ҳолга келтирди, бу очарчилик ва касалликларнинг тарқалишига олиб келди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид