Спорт | 11:41 / 24.09.2025
20549
15 дақиқада ўқилади

«Ливерпул»да аҳмоқона қизил, «Реал»да ғалабали серия. Кун ўйинлари

Сешанба оқшомида Испания чемпионатида 6-тур ўйинлари, Англия ва Италияда кубок баҳслари ўтказилди.

Англия: «Челси»нинг камбэки ва Исакнинг дебют голи

«Линколн» – «Челси» 1:2
Голлар:
Стрит, 42 (1:0). Жорж, 48 (1:1). Буонанотте, 50 (1:2)
«Линколн»: Жикок, Ҳэймер, Дариква, Тоулер, Брэдли, Монтсма (Окоронкко, 85), Варфоломеев (Бэйлисс, 71), Макгрэндлс, Ҳаус (Ҳэккетт-Фэйрчайлд, 71), Драпер (Коллинз, 71), Стрит (Обикву, 71)
«Челси»: Йергенсен, Чалоба, Фофана, Хато, Гюсто, Фернандес (Кукуреля, 70), Сантос, Буонанотте (Уолш, 90+5), Гарначо (Эстеван, 59), Гиттенс (Педру Нету, 70), Жорж (Меука, 70)
Огоҳлантиришлар: Драпер, 56. Ҳаус, 63. Коллинз, 83 – Сантос, 22. Фернандес, 54. Йергенсен, 90. Кукуреля, 90

«Челси» Англия лигаси кубогининг 1/16 финали доирасида учинчи дивизион вакили «Линколн» меҳмони бўлди ва биринчи бўлимни ҳисобда ортда қолган ҳолда якунлади ва кўпчилик турнирнинг ўтган босқичида «МЮ» «Гримсби»га ютқазиб, турнирни тарк этганини ёдга олди. Аммо хавотирлар ўринсиз бўлиб чиқди ва иккинчи бўлим бошида лондонликлар тезда вазиятни ўз томонига оғдирди. Аввалига Жорж жарима майдони чизиғи олдида ўзига келиб қолган тўпни бўйсундириб, олис бурчак томон қайтариб бўлмас зарба йўллади, икки дақиқа ўтиб эса Буонаноттени голли пас билан таъминлади.

«Ливерпул» – «Саутҳэмптон» 2:1
Голлар:
Исак, 43 (1:0). Чарлз, 76 (1:1). Экитике, 85 (2:1)
«Ливерпул»: Мамардашвили, Гомес, Леони (Керкез, 81), Робертсон, Фримпонг, Эндо, Жонс (Брэдли, 57), Нони, Нгумоха (Даннс, 75), Киеза, Исак (Экитике, 46)
«Саутҳэмптон»: Маккарти, Мэннинг, Йелерт (Феллоуз, 88), Куарши, Вуд-Гордон, Эдвардс (Стюарт, 88), Сиенза (Робинсон, 62), Даунс, Яндер (Чарлз, 51), Армстронг, Арчер (Даунс, 51)
Огоҳлантиришлар: Экитике, 53 – Арчер, 45. Мэннинг, 90+2
Четлатиш: Экитике, 86 (иккинчи сариқ)

«Ливерпул» учун ҳам барчаси силлиқ кечмади. Арне Слот бу ўйинга иккинчи таркибни туширганди, шу туфайли гуржистонлик дарвозабон Мамардашвили ҳамда италиялик 18 ёшли ҳимоячи Леони «Энфилд»да дебют қилишга муваффақ бўлди. Шу билан бирга, Исак илк бор бошланғич таркибда тушди, у «Нюкасл»даги исёни туфайли ўйин амалиётига эга бўлмаган ва ҳали керакли формага кириб олмаган. Ундан мавсумни кучли бошлаган Экитикедан яхшироқ эканини исботлаш талаб этилади.

Ўтган мавсум якунида АПЛдан тушиб кетган ва ёзда қатор етакчиларини сотиб юборгач, янги мавсумда чемпионшипда 19-ўринда бораётган «Саутҳемптон» кутилмаганда жиддий қаршилик кўрсатди. Меҳмонлар камида икки бор Гомеснинг хатолари туфайли «Ливерпул»ни жазолаши мумкин эди. Мезбонлар эса бўлим охирида вазиятларни қадрлаш бўйича дарс беришди. Армстронг Мамардашвили устидан ошириб йўллаган тўп дарвоза тўсинига тегишидан бир дақиқа ўтиб қизилларнинг прессинги остида дарвозабон тўп узатишда хатога йўл қўйди, тўпни эгаллаб олган Киеза дарвоза қаршисида бўш турган Исакни голли пас билан таъминлади. Александер учун бу янги жамоасидаги илк гол бўлди, мураббий эса ҳали 90 дақиқа ўйнашга тайёр бўлмаган швециялик ҳужумчини танаффусда захирага олди ва унинг ўрнига Экитикени туширди.

Француз ҳужумчиси эса шу куни амалда ўз ҳаракатлари билан асосий таркибдаги ўрнини йўқотди. Аввалига у 53-дақиқада спортга хос бўлмаган ҳаракатлари билан сариқ карточка олди: ҳакамнинг қарорига қўшилмасдан, тўпни тепиб юборгани учун.

76-дақиқада эса «Саутҳемптон» ҳисобни тенглаштирди ва «Ливерпул» барчасини бошидан бошлашига тўғри келди.

Мезбонлар яна тўлиқ куч билан олдинга ташланишди ва айримлар ҳиссиётларини жиловлай олмади. 85-дақиқада Киеза анча орқадан узун узатма берди, тўпга офсайддан қутулиб қолган Киеза етиб борди ва уни бўш дарвоза қаршисидаги Экитикега етказди, француз ҳужумчиси эса осонлик билан дарвозани ишғол этди. Аммо футболчи сариқ карточкаси борлигини ёддан чиқариб, голни нишонлаш чоғида футболкасини ечиб юборди.

Шу заҳоти Жереми Фримпонг Экитикенинг олдига чопиб келди – уни табриклаш учун эмас, балки нима қилиб қўйганини тушунтириш учун.

Ўйин ҳаками Том Бремелл эса футболчига иккинчи сариқ карточкани кўрсатди ва «Ливерпул» озчилик бўлиб қолди.

«Ливерпул» ғалабали ҳисобни сақлаб қолди, лекин Юго энди камида АПЛнинг навбатдаги турида «Кристал Пэлас»га қарши ўйнамайди — Кубок ўйинларидаги дисквалификация АПЛ учун ҳам амал қилади.

«Ливерпул» футболчилари шеригидан норозилигини очиқ баён этишмоқда. Эндрю Робертсон ўйиндан кейин шундай деди: «Унинг тўпни тепиб юбориб олган биринчи сариқ карточкаси – аҳмоқлик эди. У буни эсдан чиқариб қўйди. Икки огоҳлантириш – ва биз уни шанба кунги ўйин учун йўқотдик. Умид қиламанки, у бундан сабоқ чиқаради ва бошқа бундай қилмайди».

Мерсисайдликлар бош мураббийи Арне Слот ҳам ҳужумчининг ҳаракатларига баҳо беришда аҳмоқлик сўзини ишлатди: «Агар олдиндан сариғи бўлмаганида ҳам бундай ҳаракат аҳмоқлик эди. Мен эскича одам бўлишим мумкин, аммо мен ҳам бир қанча голлар урганман. Агар сен уч кишидан ўтиб келиб, тўпни юқори бурчакка жойлаштирсанг, буни ўз хизматинг деб аташинг мумкин бўларди. Агар мен уники каби [осон] гол урганимда, Киезанинг олдига бориб, унга миннатдорчилик билдирган бўлардим».

Экитике ўйиндан кейин ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида узр сўради: «Бугун Лига кубогидаги илк ўйинимда жамоамга ўз уйида яна бир ғалабани қўлга киритишда ёрдам беришдан жуда руҳланган эдим... Ҳис-туйғуларим устунлик қилди. Бутун қизиллар оиласидан узр сўрайман, бизни доим қўллаб-қувватлаб келаётган мухлисларга ва ушбу ғалаба учун жамоадошларимга раҳмат айтаман!»

Катта эҳтимол билан, у дисквалификацияни ўтаганидан кейин ҳам бошланғич таркибга қайта олмайди – Слот уни кечириши учун вақт талаб этилади.

Испания: Винисиус яна илҳом билан ўйнамоқда

«Атлетик» – «Жирона» 1:1
Голлар:
Унаи, 9 (0:1). Хаурегисар, 48 (1:1)
«Атлетик»: Симон, Паредес, Ляпорт, Бойро (Аресо, 46), Горосабел (Берчиче, 46), Весга (Руис де Галаррета, 46), Ҳаурегисар, Сансет (Наварро, 81), Серрано (Беренгер, 46), Иняки Уилямс, Гурусета
«Жирона»: Гассанига, Франсес, Блинд, Морено, Ринкон (Курума, 86), Солис (Мартинес, 76), Хил (Асприля, 76), Мартин, ван де Бек (Порту, 33), Унаи, Ванат (Стуани, 86)
Огоҳлантиришлар: Унаи, 68. Мартин, 90

Билбаодаги ўйинда басклар Нико Уилямс терма жамоа базасидан жароҳат билан қайтиши ортидан бошланган муваффақиятсиз серияга барҳам бериш учун ҳаракат қилди. У йўқлигида «Атлетик» Чемпионлар лигасида ва ички биринчиликда уч ўйинда гол урмасдан ютқазди, у борлигида эса чемпионатни уч ғалаба билан идеал тарзда бошлаганди.

Аммо мезбонлар беш турдан кейин атиги бир очко билан турнир жадвали охирида жойлашган «Жирона»ни ҳам енга олишмади. Каталонияликлар ўйин стартида мезбонлар уюштирган ҳужумларни қайтарди ва биринчи ҳужумидаёқ Унаининг рикошет орқали дарвоза тўрига бориб тушган зарбаси билан ҳисобни очди. Мезбонларнинг узоқ кутилган голи эса иккинчи бўлим бошида, Ҳил ўз жамоаси жарима майдони яқинида тўп йўқотишидан фойдаланган Ҳаурегисар уни юқори бурчакка аниқ йўналтириши орқали урилди. Шунга қарамай, майдон эгалари муваффақиятни ривожлантира олмади. Эрнесто Валверде жамоасида кичик инқироз давом этмоқда, энди жамоа тур якунларига кўра бешинчи ўринни ҳам бой бериши мумкин.

«Севиля» – «Вилярреал» 1:2
Голлар:
Олувасейи, 17 (0:1). Соу, 51 (1:1). Соломон, 86 (1:2)
«Севиля»: Влаходимос, Кастрин (Нянзу, 54), Салас, Аспиликуэта, Гудел (Кармона, 71), Соу, Суасо, Х. Санчес (Менди, 71), Янузай (Варгас, 59), Эджуке (А. Санчес, 55), Адамс
«Вилярреал»: Тенас, Марин, Вейга, Кардона (Парти, 84), Моуринио, Гейе, Комесаня (Педраса, 29), Парехо (Соломон, 84), Молейро (Микаутадзе, 69), Бюкенен, Олувасейи (Пепе, 69)
Огоҳлантиришлар: Гудел, 70. Осо, 90 – Гейе, 42. Педраса, 47. Марин, 85

Рақобатчиларнинг очко йўқотишидан (тўртинчи ўриндаги «Эспанйол» ҳам «Валенсия» билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади) «Вилярреал» унумли фойдаланди. Шу билан бирга, «сариқ сумбариналар» учун ҳам тур осон кечмади ва жамоа «Севиля» билан очколарни бўлишиб олиши мумкин эди, аммо Марселино Торал захирадан футболчи туширишда топқирлик қилди. Микаутадзе ва Соломон уч кун олдин «Осасуна» билан ўйинда бурилиш ясаганди (2:1), бу сафар эса улар «Рамон Санчес Писхуан»даги ўйинда ҳам бош ролларда бўлишди. 86-дақиқада гуржистонлик ҳужумчи чиройли ҳаракатлари билан ҳимоячиларни ортда қолдирди ва қулай вазиятда очилган исроиллик ҳужумчини голли пас билан таъминлади.

«Леванте» – «Реал» 1:4
Голлар:
Винисиус Жуниор, 28 (0:1). Мастантуоно, 38 (0:2). Этта Эйонг, 54 (1:2). Мбаппе, 64 - пеналти (1:3). Мбаппе, 66 (1:4)
«Леванте»: Райан, де ла Фуэнте, Элҳесабал, Пампин, Толян, Венседор (Бруге, 65), Рей, Оласагасти (Арриага, 65), Алварес (Моралес, 74), Ромеро (Койялипу, 74), Этта Эйонг (Лосада, 74)
«Реал»: Куртуа, Каррерас (Алаба, 82), Ҳаусен, Гарсия, Раул Асенсио, Валверде (Тшуамени, 71), Себалйос (Камавинга, 82), Арда Гулер, Винисиус Жуниор, Мастантуоно (Беллингҳэм, 71), Мбаппе (Родригу, 82)
Огоҳлантиришлар: Элҳесабал, 58 – Каррерас, 54

Винисиус Жуниор бошланғич таркибга қайтди ва чиройли гол урди. Бразилиялик ҳужумчининг бутсасининг ташқи қисмида йўллаган зарбасидан кейин мезбонлар дарвозабонида тўп олис бурчакка йўл олишини томоша қилишдан ўзга чора қолмади. Вини бу голини ўз услубидаги рақс билан нишонлади, шундан кейин ҳеч қандай муаммо йўқлигига ишора қилган ҳолда «Реал» эмблемасини ўпиб қўйди (сўнгги вақтларда у асосий таркибдан тушиб қолганидан норозилиги ва кетиш ҳақида ўйлаётгани ҳақида миш-мишлар тарқалганди). Шу билан бирга, ўйинни мадридликлар учун осон бошланди деб бўлмайди, «Леванте» биринчи ҳужумидаёқ гол уриши мумкин эди, аммо 3-дақиқада Ромеронинг, 13-дақиқада Адриан Де Ла Фуэнтенинг қулай позициядан йўллаган зарбаларига бироз аниқлик етишмади.

Валенсияликлар ўтказиб юборилган голдан кейин ҳам ҳужумкор ўйин намойиш этишди, аммо «Реал» футболчилари, айниқса, Винисиус шу куни майдонга катта иштиёқ билан тушганди. Бразилиялик футболчи танаффус арафасида дублни расмийлаштиришига сал қолди (Райан тўпни оёқлари билан қайтариб қолди), аммо у барибир иккинчи голли ҳаракатни амалга оширди ва Мастантуонога ассистентлик қилди. Аргентиналик ёш истеъдод «Қироллик клуби»даги илк голини нишонлади. Лекин бу фақат бир дарвозага ҳужум қилинган ўйин эмасди ва мезбонлар иккинчи бўлимда жавоб голини урди, жамоа ёзда «Вилярреал»дан сотиб олган ёш ҳужумчи Этта Эйонг мавсум бошидан буён тўртинчи голини урди, унинг ҳисобида 3 та голли ассист ҳам бор.

Бу голдан кейин «Реал» яна уйғонди ва ўйин масаласини узил-кесил ҳал қилди. Жавоб голидан ўн дақиқа ўтиб Мбаппе пеналти ишлади ва уни ўзи аниқ ижро этди. Икки дақиқа ўтиб франциялик ҳужумчи Арда Гулернинг пасидан кейин дарвозабон яккама-якка вазиятга чиқиб борди ва дублини нишонлади. Мбаппе мавсумнинг етти ўйинида урган голлари сонини тўққизтага етказди, «қаймоқранглилар» ички чемпионатда олти ўйинда олти ғалабага эришди. Ҳаби Алонсо биринчи мавсумни идеал бошлади, «Реал»да Вандерлей Лушембург давридан буён бу қадар муваффақиятли старт бўлмаган, бразилиялик мутахассис 2005 йилда мавсумни етти ғалаба билан бошлаганди ва бу натижани такрорлаш учун, Алонсо шанба куни Мадрид дербисида ҳам ғалаба қозониши талаб этилади.

Италия: Нкунку чиройли гол билан бошлади

«Милан» – «Лечче» 3:0
Голлар:
Хименес, 20 (1:0). Нкунку, 51 (2:0). Пулишич, 64 (3:0)
«Милан»: Менян, де Винтер, Павлович (Одогу, 79), Томори, Риччи (Фофана, 46), Лофтус-Чик, Рабио, Бартесаги, Салемакерс (Атекаме, 61), Хименес (Мюл-Балентин, 68), Нкунку (Пулишич, 61)
«Лечче»: Фрюҳтл, Ндаба, Зиберт, Тиагу Габриэл, Тете Моренте (Галло, 57), Вейга, Бериша (Кулибали, 80), Ҳелгасон (Гортер, 46), Каба (Перотти, 46), Н`Дри (Киалонда Гаспар, 22), Камарда
Огоҳлантиришлар: Риччи, 35. Павлович, 70 – Каба, 43
Четлатиш: Зиберт, 18

Италия кубоги 1/16 финали доирасидаги ўйинда «Милан» рақиб дарвозасига шиддатли ҳужумлар уюштирди ва дастлабки ўн дақиқадан сўнг 3:0 ҳисобида олдинда бориши мумкин эди. Бироқ, Лофтус-Чикнинг зарбасини ҳимоячи чизиқ устида тўхтатиб қолди, Рабиога гол уришга дарвозабоннинг ақлбовар қилмас сейви тўсқинлик қилди, Нкунку эса бир ярим метр масофадан йўллаган зарбадан кейин тўп устунга тегди. Лекин «Лечче»нинг омад лимити анча тез тугади, муаммолар эса тобора ортиб борди. 18-дақиқада меҳмонлар Зибертнинг четлатилиши туфайли озчилик бўлиб қолишди, икки дақиқа ўтиб эса Сантиаго Хименес қанотдан узатган тўпни бўш қолган дарвозага йўллаб, ҳисобни очди.

Ҳаммаси Массимилиано Аллегрининг режаси бўйича кета бошлади ва энди асосий интрига ўйин қандай ҳисобда якунланишида қолганди. Нкунку иккинчи бўлим бошида «Сан-Сиро»даги илк голини уриб, ҳисобдаги устунликни оширди. Унинг ўрнига захирадан тушган Пулишич эса муваффақиятни давом эттирди. Америкалик ҳужумчи дам олиш кунлари А Серия доирасидаги ўйинда «Удинезе» дарвозасига дубл қайд этган, шунингдек Фофаннинг голига ҳаммуаллифлик қилганди, энди эса француз яримҳимоячиси унга қарзини қайтарди. Фофана тўпни қанотдан ошириб берди, Кристиан бир тегинишда тўпни юқори бурчакка йўллади. Россонерилар энди Италия кубогининг 1/8 финалида «Лацио»га қарши ўйнайди.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид